18:30 / 18.11.2017
86131

25 минг кишилик сулола. Саудия Арабистонида ким аслида ким?

4 ноябрь куни кечқурун Саудия Арабистонида ўзига хос «узун пичоқлар туни» бўлиб ўтди. Ўша тунда коррупцияга қарши кампания доирасида қироллик хонадонига мансуб 11 шаҳзода қўлга олинди. Бу ташаббус қиролнинг валиаҳди, шаҳзода Мухаммад ибн Салмондан чиққанди.

Ҳозирги Саудлар сулоласига 1932 йилда Абдулазиз Ол Сауд томонидан асос солинган. Саудия Арабистони сулолалар томонидан бошқариладиган ҳозирда мавжуд 3 монархиядан бири (Лихтенштейн ва Иорданиядаги Ҳошимийлар қироллиги). Бу сулола мамлакатда мутлақ ҳокимиятга эга, барча давлат органларида раҳбарлик лавозимларини шу сулола вакиллари эгаллаган, бу амалдорлар қирол томонидан тайинланади.

Бу оилага мансуб саудияликлар сони 25 мингга етади. Шундан 200 нафардан ортиқ киши шаҳзодалар.

Аввалига тахт ворислиги бошқа сулолаларда бўлгани каби отадан ўғилга эмас, акадан укага ўтар эди. Аммо ҳозирги қирол Салмон ибн Абдулазиз ворислик тартибини ўзгартирди.

Салмон сулоланинг еттинчи қиролидир.
1) Абдулазиз ибн Ол Сауд (1880-32-1953)
2) Сауд ибн Абдулазиз Ол Сауд (1932-53-64-1969)
3) Фейсал ибн Абдулазиз Ол Сауд (1903-64-1975)
4) Холид ибн Абдулазиз Ол Сауд (1912-75-1982)
5) Фаҳд ибн Абдулазиз Ол Сауд (1921-82-2005)
6) Абдулла ибн Абдулазиз Ол Сауд (1924-2005-2015)
7) Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд (1936-2015-...)

Қуйида Саудлар сулоласининг энг нуфузли асосий намоёндалари билан танишиш мумкин.

Фото: Reuters

Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд. 1935 йилнинг 31 декабрида туғилган, сулола бошлиғи. У 2015 йилнинг 23 январида, ўз акаси Абдулла (2005-2015) вафотидан кейин Саудия Арабистони қиролига айланди. У сулола асосчиси, биринчи қирол Абдулазиз ибн Сауд (1932-1953) хонадонидаги 45 ўғилдан бири. Тахтга чиқишидан олдин ҳам муҳим лавозимларда ишлаган, хусусан, 1963-2011 йилларда Ар-Риёд губернатори бўлган, 2011 йилда мамлакат Мудофаа вазирига айланган.

Фото: Reuters

Муҳаммад ибн Салмон Ол Сауд. У 1985 йилнинг 31 августида дунёга келган, ҳозирда тахт вориси. У қирол Салмоннинг ўғли бўлиб, отаси қиролга айлангач, унинг ўрнига мамлакат Мудофаа вазирига айланган. У шунингдек, қиролликнинг бош вазири ўринбосари, қироллик суди бошлиғи ҳамдир. Шунингдек, қиролликнинг ташқи сиёсатида ҳам фаол иштирок этади, бир қатор давлатларга ташриф билан бориб келди. 2017 йилнинг 4 ноябридан эса янги ташкил этилган Коррупцияга қарши қўмитага раҳбар бўлди, биринчи куниёқ ўзининг тахт учун эҳтимолий рақибларини йўлдан олишга киришди - 5 ноябрга ўтар кечаси коррупцияда айбланиб 11 шаҳзода ва йирик амалдорлар ҳамда вазирлар ҳибс қилинди.

Фото: Reuters

Ал Волид ибн Талал Ол Сауд, 1955 йил 7 мартда туғилган. Қирол Салмоннинг қариндоши, Талол ибн Абдулазиз Ол Сауднинг ўғли. Унинг отаси ўз вақтида «Озод амирлар» номли либерал ҳаракат бошида турган. Ал Волид йирик тадбиркор ва халқаро миқёсдаги инвестор бўлиб, Қироллик ҳолдинг компаниясини бошқаради. 2017 йил майида унинг бойлиги миқдори 17,1 миллиард долларга баҳоланганди. Time журнали уни «Арабларнинг Уоррен Баффети» деб атаган. 4 ноябрь куни қўлга олинганлар орасида у ҳам бор эди, кейинги 3 кун ичида унинг йўқотишлари 2,8 миллиард долларга тенг бўлди.

Фото: AP

Бандар ибн Султон Ол Сауд, 1949 йилнинг 2 мартида туғилган. Саудия Арабистони шаҳзодаси, қирол Салмоннинг қариндоши. У 1983-2005 йилларда Саудиянинг АҚШдаги элчиси сифатида хизмат қилган. 2005-2015 йилларда Миллий хавфсизлик кенгашини бошқарган, кейинчалик бу лавозим тугатилган. 

Фото: AP

Султон ибн Салмон ибн Абдулазиз, 1956 йилда туғилган. 2000 йилдан Туризм ва миллий бойликлар бўйича комиссияни бошқарган. Салмоннинг ҳозирда тирик бўлган энг катта ўғли. У 1985 йилда араблар орасида биринчи бўлиб космосга чиққанди.

Фото: Reuters

Муқрин ибн Абдулазиз Ол Сауд, 1945 йилда туғилган. Қирол Салмоннинг кичик укаси. У 2015 йилнинг 23 январида отаси вафот этиб, Салмон тахтга ўтиргач, биринчи валиаҳдга айланганди. Аммо ўша йилнинг апрелида қирол Салмон ворислик тартибини ўзгартиргач, у валиаҳдлик мақомини йўқотди. Мукрин ибн Абдулазиз 1980-2005 йиллар мобайнида Хаил ва Мадина вилоятларида губернатор бўлган, 2005-2012 йилларда Разведка хизматини бошқарган.

Фото: AP

Файсал ибн Бандар Ол Сауд, 1943 йилда туғилган. 2015 йил январидан буён Салмоннинг ўрнига Ар-Риёд губернатори. У 1992 йилдан 2015 йилгача Ал-Қосим вилояти губернатори эди.

Фото: Reuters

Муҳаммад ибн Наиф ибн Абд ал-Азиз Ол Сауд, 1959 йилда туғилган. У Саудия Арабистони тахтининг собиқ биринчи валиаҳди (2015 йил 29 апрелидан 2017 йил 21 июнигача). У Салмоннинг қариндоши, 2012 йилда вафот этган валиаҳд Наиф ибн Абд ал-Азизнинг ўғли. Ушбу шаҳзода 2012 йил ноябридан 2017 йил 21 июнига қадар Ички ишлар вазири эди.

Фото: Los Angeles Times

Мутайб ибн Абдулла ибн Абд ал-Азиз Ол Сауд, 1952 йилда туғилган. Собиқ қирол Абдулланинг ўғли, Салмоннинг жияни. 2013 йилдан буён Саудия Арабистони Миллий гвардияси вазири. 2010-2013 йилларда Миллий гвардия бош қўмондони.

Мавзу
Саудия Арабистонида тахт кураши

4 ноябрь куни Саудия Арабистонида 11 нафар шаҳзода ва 4 нафар юқори мартабали амалдор коррупцияда айбланиб ҳибс қилинди. Бу ҳодиса валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг ўз рақобатчиларидан қутулиш йўлидаги ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Барчаси
Top