17:10 / 18.11.2017
20703

Биткоинни тақиқлаган 5 давлат

Фото: Reuters

Криптовалютанинг машҳурлиги кун сайин ошиб бормоқда ва унинг кундалик ҳаётдаги мавжудлигига эътибор бермаслик кун сайин оғир масалага айланмоқда. Ҳукуматлар янги технологияларга муносабатини билдириб онгли равишда ё инон-ихтиёрсиз янги воқеаликларга мос келувчи янги қонунларни жорий этишга мажбур бўлишмоқда. 

Бу жабҳада Япония биринчилардан бўлди. Мамлакат ҳукумати криптовалюталар салоҳиятига етарлича баҳо бериб, фуқароларни ҳимоя қилувчи ва рақамли валюта билан эркин савдо қилишга ёрдам берувчи қонунчилик ҳужжатларини қабул қилди.

Лекин барча мамлакат ҳам бу соҳада илғор эмас. Қўрқувданми, нўноқликданми ёки протекционизм сабаблими, кўплаб ҳукуматлар ўрганиб ҳам ўтирмасдан, ўзлари таҳдид келтиради, деб ҳисоблайдиган янгиликларга тақиқ жорий қилишади. Гарчи улар блокчейнни тўлиқ тақиқлай олишмаса-да, уларнинг фуқароларга бу технологиялардан фойдаланишга халақит беришаётгани қолаяпти, холос.

Алкогол ва интернетга тақиқ жорий этиш сингари биткоинларга ҳам жорий этилган тақиқлар ҳам бажариб бўлмас ва бемаъни кўринади. Лекин бешта мамлакат криптовалютага чиндан ҳам тақиқ жорий этишган — булар Бангладеш, Боливия, Эквадор, Қирғизистон ва Непалдир, деб ёзади Insider.Pro.

Фото: Reuters

Непал 

Непалдан бошласак. Яқинда мамлакатнинг молиявий тартибга солувчи органи Nepal Rastra Bank иқтисодиётга таҳдидни рўкач қилиб, криптовалюталар билан ҳар қандай операцияларни тақиқлади. Ўз қарорини ҳукумат Непал ҳудудида криптобиржаларни бошқаришда гумонланган ўнлаб одамларни ҳибсга олиш билан мустаҳкамлади. 

Боливия

Боливия марказий банки (El Banco Central de Bolivia) 2014 йилда юз берган йирик можародан сўнг мамлакат ҳудудида ҳар қандай криптовалюта олди-сотдисини тақиқлаган эди. Бир гуруҳ фирибгарлар криптовалютанинг афзалликлари ҳақида аҳолига чўпчак айтиб бериб, 60 кундан сўнг 300 фоизлик даромад кўришни ваъда қилиб, пул йиғиб чиқишган. Пирамида тез фурсатда фош бўлди — Эл-Алто шаҳри кўчаларига минглаб алданган инсонлар норозиликларини билдириш учун чиқишди. Ҳукумат тезда «ечим» топди — мамлакат ҳудудида биткоинлар тўлиқ тақиқланди.

Фото: Reuters

Эквадор

Қўшни Эквадор ҳам биткоинлар қонундан ташқарида, деб эълон қилган — лекин ҳукумат криптовалюталар ғоясига қарши бўлгани учунгина эмас. Гап шундаки, улар биткоин курсини тўлиқ назоратлари остига олиб, уни маҳаллий расмий валюта бўлмиш АҚШ долларга боғлаб қўйишмоқчи бўлишган. Бу ғоя амалга ошмагач, Эквадор кейинги чораларга қўл уради ва миллий криптовалютани жорий этади. Албатта, буниси энди ҳукуматнинг тўлиқ назорати остида.

Қирғизистон

Қирғизистонда биткоин формал жиҳатдан тақиқланмаган, гарчи у (ва бошқа криптовалюталар) дан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Бу ҳақида 2014 йилда Марказий банк баёнот берган ва мамлакатда ягона тўлов воситаси қирғиз сўми эканлигини таъкидлаб ўтган.

Бангладеш 

Ниҳоят, Бангладеш. 2014 йилда Бангладеш банки биткиондан фойдаланишни тақиқлаб, жиноий жавобгарлик жорий этилаётгани ҳақида огоҳлантиради. Криптовалюталар билан боғлиқ ҳар қандай операция учун бу ерда 12 йилга озодликдан маҳрум этишлари мумкин — амалдаги қонунчиликка кўра бу иш пул ювиш жинояти билан тенглаштирилган.
 

Top