09:29 / 18.11.2017
9433

Эронлик спортчилар зилзила жабрдийдаларига ёрдам бериш учун медалларини сотмоқдалар

12 ноябрь кечки вақт Эрон ва Ироқ чегарасида юз берган 7,2 магнитудали зилзила оқибатида Эронда 500 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 8 мингга яқин киши жабрланди. 

Эронлик спортчилар ушбу фожиага муносабат билдириб, одамларга ёрдам бериш учун маблағлар йиға бошлашди. 

Хусусан, зилзиладан энг кўп азият чеккан Кирманшоҳ вилоятидан бўлган оғир атлетика бўйича Олимпия чемпиони Киёнуш Рустамий 2016 йилги Олимпиадада қўлга киритган олтин медалини аукционга қўйди ва олинган маблағни фожиа жабрдийдаларига йўлламоқчи. “Мен олтин медалимни ўз халқимга қайтармоқдаман, ахир у одамларга тегишли”, деб ёзган Рустамий инстаграмда. 

Фото: Киёнуш Рустамий

Бундан ташқари, Рустамий қолган спортчилар билан бирга кўчада совуқда қолган одамларга кийим-кечак, адёллар ва бошқа зарур нарсалар йиғиш билан шуғулланмоқда.  

Фото: 

Риодаги Паралимпиадада ўқ отиш бўйича ғолиб бўлган Сараҳ Жаванмардий ҳам ўз олтин медалини сотишга қарор қилди. 

Фото: Сараҳ Жаванмардий

Рустамий ва Жаванмардийдан ўрнак олиб, курашчи Масъуд Мустафо-Жохар ҳам 2004 йилги Афинадаги Олимпиадада қўлга киритган кумуш медалини сотишга қарор қилди. 

Фото: Масъуд Мустафо-Жохар

Шунингдек, Эрон тарихидаги энг яхши футболчилардан бири Али Дайи ҳам одамларга кўмак беришга бел боғлади. У банкда ҳисоб рақам очиб, ижтимоий тармоқдаги саҳифаси обуначиларидан бу ҳисоб рақамга пул ўтказишни илтимос қилган. “Биргаликда кўп иш қила оламиз”, деб айтган Дайи видеомурожаатида. Бу видеомурожаатни охирги кунлар ичида 2 млн дан кўпроқ киши кўрган.

Фото: Али Дайи

Эрон ва Ироқ чегарасида юз берган зилзила жорий йилдаги энг кучлиси бўлди. Зилзила кучи Исроил ва БААда ҳам сезилган.

Top