10:21 / 18.11.2017
9359

Миллий университетда таэквондо факультети ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. 

Қуйидагилар факультетнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

таэквондо WTF спорт турини ўқитиш ва амалий тайёрлаш услубларини ҳамда унинг тарихи, фалсафаси, классификациясини ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдалана оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш; 

халқаро илғор тажрибадан фойдаланиб, юқори даражага эга бўлган хорижий ва мамлакатимизнинг малакали амалиётчи мутахассислари ва тренерларини таълим жараёнига жалб этган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш; 

юқори малакали тренер ва ўқитувчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, халқаро спорт мусобақаларида муносиб қатнашадиган профессионал спортчилар тайёрлаш учун уларнинг кўникма ва билимларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастурлари ва методларини ишлаб чиқиш; 

таълим олувчиларда индивидуал қобилиятлари ва истеъдодларини ҳисобга олган ҳолда жисмоний тарбия ва спортга оид кўникмаларни шакллантириш; 

юқори интеллектуал салоҳиятга ва спорт соҳасида пухта билимларга эга мутахассисларни тайёрлаш; 

республика ва халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришадиган ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари таркибида иштирок этадиган иқтидорли спортчиларни тайёрлаш; 

ўқитиш ва тайёрлашнинг барча даражаларида инновацион методикаларни жорий этиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид долзарб мавзулар бўйича чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш; 

мавжуд ўқув-методик, моддий-техник базани ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, таълим жараёнига спортчилар тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги даражасини таъминлайдиган ўқитишнинг замонавий техник воситаларини, педагогик технологияларни жорий этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таэквондо WTF ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқариш таълим йўналишлари бўйича қабул квоталарини шакллантиради. 

 

Top