23:27 / 20.11.2017
46685

Машҳур ҳинд актрисаси “боши учун” 1,5 млн доллар таклиф қилинди

Ҳиндистонлик радикаллар ҳинд киноси юлдузи Дипика Падукони ва Болливуднинг таниқли режиссёри Санжай Лила Бхансалига янги “Падмавати” фильми учун расволарини чиқариш билан таҳдид қилишмоқда. Радикалларнинг фикрича, фильмда тарих бузиб кўрсатилган.  

Фото: REUTERS/Youssef Boudlal Санжай Лила Бхансали ва Дипика Падукони

Times of India’нинг маълум қилишича, фильм ижодкорлари (Viacom18 Motion Pictures кинокомпанияси) норозиликлар ва эътирозлар сабабли намойиши 1 декабрдан бошланиши керак бўлган фильмнинг экранларга чиқарилишини номаълум муддатга қолдиришга мажбур бўлдилар.

Падукони “Падмавати” фильмида бош ролни ижро этган. Фильм 14-асрда деҳлилик султон Оловиддин Ҳилжий Мевар князлигини қамал қилиши ҳақидаги ўрта асрлар афсонасига асосланган. Фильм сюжетига кўра, султон агар унга князликнинг Падмавати исмли қироличаси топширилса, унда ҳеч кимга тегмасликка ваъда беради. Бироқ гўзаллиги билан ном таратган қиролича бундай исноддан кўра ўлимни афзал кўради ва ўзига ўт қўяди.

Фильм муаллифлари версиясига кўра, султон қироличани ҳақиқатда севиб қолади. Миллатчиларнинг таъкидлашича, фильмда қиролича ёмон томондан кўрсатилиб ва фожиали воқеа муҳаббат қиссасига айлантирилиб, тарих бузиб кўрсатилган. Бундан ташқари, фильмда ишқий саҳналар борлиги ҳақидаги гаплар ҳам пайдо бўлган. Шу сабабли Мевар князлиги жойлашган Раджастон штати ва бошқа ҳудудларда фильмнинг намойишига қарши норозиликлар бошланган.

“Шри Раджпут Карни Сена” ташкилоти миллатчилари агар фильм намойишга чиқса, унинг режиссёрини ўлдиришга ва актрисанинг юзини расво қилишга тайёрликларини айтишган. Бир қатор миллатчилар режиссёр ва актрисани ўлдирганларга мукофот пули ваъда қилишган. Жумладан, ҳукмрон “Бхаратия жаната парти” аъзоси Харьян Сураж Пал Аму режиссёр ва актрисанинг "бошлари"га 100 млн рупий (1,5 млн доллар) ваъда қилган. Партия раҳбарияти Амунинг ушбу қилмишини қоралаган ва ундан узр сўрашни талаб қилган.

Фильм ижодкорлари унинг экранларга чиқарилишини ортга сурган ҳолда унга тегишли тузатишлар киритиб, эҳтиросларни бостиришга муваффақ бўлишмоқчи. Режиссёрнинг айтишича, фильмни танқид қилаётганлар уни ҳаттоки кўрмай ва у нима ҳақида эканлигини билмай туриб, турли миш-мишлар тарқатганлар.

Top