20:00 / 20.11.2017
10964

Монакода миллионерларга жой етмай қолди

Knight Frank компанияси маълумотларига кўра, Монакода яшовчи миллионерлар сони яқин ўн йилликда 20 фоизга ёки 2,7 минг кишига ошади. Ҳозирнинг ўзидаёқ ушбу князликда миллионерлар аҳолининг 20 фоизини ташкил қилмоқда. Аҳоли ўсиши Монакода янги кўчмас мулкни қуришга жой йўқлигига олиб келмоқда. Шу сабабли князлик ҳукумати соҳилбўйи ҳудудларини қуритиш ишларини олиб бормоқда, бу эса унинг майдонини яна 6 гектарга ошириши керак.   

Кўчмас-мулк соҳасида хизматлар кўрсатувчи Knight Frank прогнозига кўра, Монакода яшовчи миллионерлар сони жадал кўпаймоқда. 2016 йилда улар 13,4 минг кишини ташкил қилган бўлса, 2026 йилгача 16,1 минг кишини ташкил қилиши прогноз қилинмоқда. Улардан 1,45 минг нафари 30 млн доллардан кўпроқ бойликка эга бўлганларни ташкил қилади. 

Монако статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2016 йилда мамлакатда бирорта янги уй қурилмаган. Монаконинг умумий майдони 2 квадрат километрни, аҳолиси эса 37,8 минг кишини ташкил қилади.

Компания маълумотларига кўра, Монакодаги кўчмас мулк дунёдаги энг қимматбаҳоси ҳисобланади. Жорий йилнинг 2-чорагида бу ерда 1 квадрат метр турар жой 53 минг еврони ташкил қилган, баъзи нуфузли мавзеларда эса 100 минг еврогача борган. Монако ҳукумати соҳилбўйи ҳудудларини қуритиш билан фаол шуғулланади. Шу йўл билан 1970-йилларда Фонвьей мавзеси вужудга келган. Ҳозирда яна бир ҳудуд ташкил қилинмоқда, бу ерда Ле-Портье тумани пайдо бўлади. Бу лойиҳанинг қиймати 2 млрд долларни ташкил қилади. Бу ҳудуддда 120 та уй қуриш мўлжалланган. Улардаги 1 квадрат метр жой 100 минг доллардан ошиши айтилмоқда.

Компания ходими Эдвард де Малле Морганнинг айтишича, Монакода излаган уйларини тополмаган харидорлардан баъзилари ижарага уй олиб, кўнгилларидек уй чиқишини кутадилар. Қолганлар эса Монакода кичикроқ уй ва қўшимчасига қўшни Франциядан каттароқ уй ва яхта сотиб оладилар.

Top