21:10 / 20.11.2017
26685

Олимлар 2018 йилда бир қатор кучли зилзилалар бўлишини прогноз қилишмоқда

Фото: СС0.

2018 йилда Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши тезлиги секинлашиши сабабли кучли зилзилалар миқдори кескин кўпайиши мумкин.  

Ернинг айланиш тезлиги ва сейсмик фаоллик ўртасидаги алоқа ҳақидаги ғояни Колорадо университети ва Монтана университети олимлари Рожер Билхэм ва Реббека Бендик билдирдилар. Уларнинг ҳисоботлари Америка геологик жамияти йиғилишида тақдим қилинди.

Олимлар 1900 йилдан бери юз берган 7 ва ундан ортиқ магнитудали зилзилалар ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиб чиқишган. Улар кучли зилзилалар сони 25-30 тагача кескин ошган 5 даврни ажратишган. 

Сейсмик фаоллик кучайган даврлар Ернинг айланиш тезлиги секинлашиши максимумга эришгандан кейин 5 йил ўтгач бошланган.

Ер айланишининг охирги секинлашишидан ҳозиргача тахминан 4,5 йил ўтди ва олимларнинг ғоясига кўра, 2018 йилда кучли зилзилалар бўлиши кутилмоқда.

2017 йил бошидан бери 6 та кучли зилзила қайд қилинган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 20 та ва ундан кўпроқ бўлиши мумкин.

“Сайёрамиз айланиши секинлашганда, унинг экватордаги диаметри қисқаради. Бироқ Ернинг “бели” қисқарганда, унинг “кийими” – тектоник плиталар аввалги ўлчамда қолади ва “ғижимланади”, деб тушунтирмоқда олимлардан бири Билхэм.

Таъкидланишича, Ернинг айланиши секинлашиши билан боғлиқ кучли зилзилаларнинг аксарияти сайёрамизнинг экваториал ҳудудларида қайд қилинган. Бу ерларда эса 1 млрдлик аҳоли яшайди.

“Ернинг айланиши ва сейсмик фаоллик ўртасида кучли корреляция мавжуд бўлиб, у келаси йилда зилзилалар сони кўпайишини тахмин қилишга ижозат беради”, деб айтган олим.

Top