00:00 / 22.11.2017
12955

«Насаф» – «Пахтакор» ўйинидаги тартибсизликлар учун ҳар иккала жамоа катта миқдорда жаримага тортилди

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси тартиб-интизом қўмитаси 19 ноябрь куни, Олий Лига 29-тури доирасида Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган «Насаф» – «Пахтакор» учрашувидан сўнг, стадиондаги мухлислар ва «Пахтакор» клуби дарвозабони Александр Лобанов ўртасида юз берган воқеани ўрганиб чиқди.

Ўйиндан сўнг, Александр Лобанов майдонни тарк этар экан, «Насаф» клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган, «Пахтакор» дарвозабони эса бунга аҳлоқсиз ҳаракатлар билан жавоб қайтарган. Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб «Пахтакор» клуби 50 000 000 (эллик миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Ўз навбатида, «Насаф» клуби мухлисларининг маданиятга зид ҳаракатлари сабабли жамоа 100 000 000 (юз миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.

Агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, ҳар икки клуб бундан ҳам кескин тарзда жазоланади. Жумладан, «Насаф» клуби келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказади, деб хабар бермоқда ПФЛ расмий сайти.

Top