11:52 / 23.11.2017
19497

Петербургда тожикистонлик «халқ генерали» изсиз ғойиб бўлди

Фото: CA-News

Тожикистонда 90-йилларда таниқли бўлган диний арбоб Саид Қиёмиддин Ғозий Истанбулдан Санкт-Петербургга келганидан сўнг изсиз ғойиб бўлган. Бу ҳақда унинг яқинлари маълум қилишган. Саид Қиёмиддин Ғозий сўнгги бор Питер аэропортидан ўғлига 21 ноябрга ўтар кечаси қўнғироқ қилиб, Тожикистонга депортация қилишаётганини айтган.

Диний арбобнинг турмуш ўртоғи Ражабгул Мусулмонованинг айтишича, Саид Қиёмиддинни Санкт-Петербург-Хўжанд рейсига ўтказишган, бироқ Сўғд вилояти маъмурий марказига етиб келган йўловчилар орасида у бўлмаган. Хўжанд аэропортида эса унинг яқинларига Саид Қиёмиддин Ғозийнинг аҳволи ёмонлашгани ҳамда «Тез ёрдам» машинаси уни шифохонага олиб кетганини маълум қилишди.

Шу билан бирга, Тожикистон мухолифати вакилларининг хабар беришича, Саид Ғозий Санкт-Петербург шаҳри аэропортида Тожикистон ва Россия махсус хизмати томонидан ушланган. У ўша куниёқ Хўжандга экстрадиция қилинган. Айни дамда диний арбоб шаҳардаги тергов изоляторларидан бирида сақланаётгани иддао этилади.

Маълум қилинишича, Ғозий 2015 йилдан бери Санкт-Петербургда истиқомат қилган. У бу шаҳарда кафега эгалик қилади. Ражабгул Мусулмонованинг билдиришича, турмуш ўртоғи Тожикистонда ҳам, Россияда ҳам қидирувда бўлмаган. Диний арбоб анчадан бери сиёсат билан шуғулланмаган.

Қиёмиддин Ғозиев ёки Эшон Саид Қиёмиддин Ғозий 1992 йилда «Шоҳидон» (Тожикистон коммунистик партияси марказий қўмитаси собиқ биноси) майдонида нутқ сўзлаган нотиқлардан бири бўлган. Ўшанда бу майдонда коммунистик режимга қарши бўлганлар тўпланган. Шу воқеадан сўнг унга «халқ генерали» норасмий унвони берилган. У Тожикистонда фуқаролик уруши бошлангандан сўнг Афғонистонга ўтиб кетиб, Тожикистон бирлашган мухолифати билан ҳамкорлик қилган. 

Top