17:35 / 02.12.2017
18324

Туркиялик журналистларнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ташаббуси билан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат қилган 18 нафар туркиялик журналистлардан айримлари KUN.UZ сайти учун ўзларининг таассуротлари билан ўртоқлашди.

Жумладан, «Анадолу» ахборот агентлигининг Истанбулдаги мудирлиги раҳбари Ҳусайн Олтинолан шундай деди:

— Мен муҳтарам жумҳурбошқонларимизнинг Анқарадаги учрашувини катта қизиқиш билан томоша қилдим. Учрашув асносида туркиялик журналистлар Ўзбекистонга таклиф этилгач, гарчи Хитойга бориш учун мўлжалланган хизмат сафарим бўлса ҳам, ўзим Ўзбекистонга келиш учун ташаббус билан чиқдим.

Юртингизнинг сайёҳлик салоҳияти ниҳоятда катта. Бу ердаги осори атиқалар, зиёратгоҳлар туркияликларда жуда катта қизиқиш уйғотиши табиий. Мен жаҳоннинг 122 та давлатида бўлганман. Лекин бу қадар бой тарих, шу кунларгача меҳр билан сақланиб келган иншоотларни кам учратганман. Баъзи давлатлар ўзининг 150–200 йиллик тарихи ортидан туристларни жалб қилиб, иқтисодиётини бойитмоқда, аҳолисини иш билан таъминламоқда. Ахир бу ерда 2700–3000 минг йиллик тарих манаман деб бўй кўрсатиб турибди. Албатта буларнинг барисини дунёга кўз-кўз қилиш керак.

Инглиз тилида кўрсатувлар эфирга узатувчи «TRT-world» мухбири Эрол Живан ва унга ҳамроҳлик қилган оператор қизлар ташрифдан ниҳоятда ҳайратда эканлигини яширишмади. Эрол ҳаттоки Самарқандга ташрифининг илк кунидаёқ Регистон майдонида харид қилган беқасам чопонни эгнидан туширмади. Якуний медиа анжуманга ҳам ўша чопон, Чуст дўппи, белбоғ, маҳси калишда кириб келди.

— Менга Бухоро жуда ҳам ёқди, — деди Эролга ҳамроҳлиқ қилаётган қизлардан бири Хадича Мерия. — Ажиб бир эртакнамо шаҳар экан. Бухоронинг ўзи ёққан бўлса, унинг овқатлари жумладан мошли шўрваси (мошхўрдани назарда тутди, шекилли) таъми оғзимда қолди.

 

Ўзаро суҳбатда турк ҳамкасбларимиз тарихий шаҳарларимизнинг ниҳоятда озода, кўчалари кенг эканлигини таъкидлашди. Самарқандда трамвай бор-йўқлигига қизиқишди. Шунингдек, туризмни ривожлантириш учун реклама ва ташвиқотга жуда катта эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтишди. Чунончи, Ўзбекистонда бундай тарихий обидалар борлигидан нафақат Туркияда, жаҳонда ҳам кўпчилик бехабар эканлигини айтиб ўтишди. Бунга мисол қилиб, Озарбойжонни келтиришди.

«Гастрономик туризмни реклама қилиб ривожлантириш керак, — деди «Туркия газетаси» мухбири Аҳмет Мунир Эрен. — Емакларингиз ниҳоятда хилма-хил ва тотли экан. Сизларда денгиз, чанғи спорти каби дам олиш зоналаридан ҳам кўра аввало тарихий обидалар, зиёратгоҳларингиз ва таомларингиз билан ҳаммани маҳлиё қилиш учун барча шароитлар муҳайё экан».

Хорижлик ҳамкасбларимизнинг гап-сўзларидан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, хорижий давлатларда тарғиб қилиш учун нафақат Туркия, Европанинг бошқа давлатлари, БАА, Кувайт, Қатар каби давлатлардан ҳам журналистлар учун ҳам юртимиз бўйлаб инфотур уюштириш зарурияти юзага чиқмоқда. Бу борада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамжиҳатликда ишлаши, лойиҳалар ишлаб чиқиши, бу масалага ҳукумат ёки давлатимиз раҳбари даражасида эътибор берилиши зарур бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Top