15:10 / 04.12.2017
9136

Де Хеа - энг яхши дарвозабон. АПЛда турнинг муҳим воқеалари

«Трибуна» Англия чемпионатининг 15-тури якунларини сарҳисоб қилади.

«ДЕ ХЕА» НОМЛИ ПАРАДОКС

«Эмирайтс»да кечган турнинг марказий учрашувида меҳмонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйинда икки гол муаллифи бўлган Жесси Лингард ёки икки марта шерикларига голли пас узатган Пол Погба эмас, «МЮ» дарвозабони Девид Де Хеа барчанинг диққат марказида бўлганидан, ўйиннинг қандай ўтганини билиш мумкин экан.

Қўшимча статистикалар. «Арсенал» учрашув давомида жами бўлиб, 33 марта рақиб дарвозасига зарба йўллаган. Де Хеа 14 марта рақибларнинг аниқ зарбаларини қайтаришга муваффақ бўлган – бу АПЛ учун рекорд натижадир. Шунингдек, икки марта Эшли Янгнинг дарвозабонга айланганини, икки марта «тўпчилар»нинг зарбаси дарвоза тўсинига текканини эътиборга олсак, «Арсенал» биттадан кўпроқ гол уришга ҳақлироқ бўлганини эътироф этиш мумкин.

Шунингдек, ўйиннинг xG жадвалига эътибор қаратиш мумкин.

Ўйинда содир бўлган вазиятларнинг хавфлилик даражасига қараб, ҳар бир вазият ўз коэффицентига эга бўлади. Бу ҳисоб-китобга қараганда, «Арсенал» 4.6-1.9 ҳисобида устунлик қилган. Ушбу мавсум давомида бир жамоанинг бу қадар устунлиги кўп кузатилмаганди. Фақат «Манчестер Сити» – «Кристал Палас», «Арсенал» – «Эвертон», «Арсенал» – «Ҳаддерсфилд» ва «Ливерпуль» – «Арсенал» ўйинларида содир бўлган. Бу ўйинларда 5:0, 5:2, 5:0, 4:0 ҳисоблари қайд этилганини ҳисобга олсак, лондонликларга бу сафар қанчалик омад кулиб боқмаганини кўриш мумкин.

Албатта, «Манчестер Юнайтед»нинг хизматларини ҳам ерга урмаслик лозим – улар ўйин бошида мезбонлар хатоларидан унумли фойдаланишди, учта гол уришди. Ўйиннинг бутун қисмида балки ҳисобда олдинда боришмаганда, «Арсенал»га бу қадар устунликни тақдим этмасликлари аниқ эди. Буни ҳисоб қисқарганида мезбонларнинг вазиятлари сезиларли камайгани ва «Юнайтед» учинчи голни ургунча, яна вазиятлар ярата бошлагани билан асослаш мумкин.   

«СITY-TIME»

«Юнайтед» ўйиннинг сўнгги дақиқалари туфайли Европанинг энг нуфузли турнирини ютиб олган бўлиши мумкин, аммо уларнинг қўшнилари учун ҳам бу дақиқалар жуда қадрлидир. Зеро «Манчестер Сити»нинг АПЛдаги илк чемпионлиги ҳам айнан сўнгги дақиқаларда содир бўлган.

Бу дақиқалар ушбу мавсумда ҳам Пеп Гвардиола жамоасига жуда ёрдам беряпти. Албатта, «шаҳарликлар»нинг бутун ўйин давомидаги фаол ҳаракатлари мана шу сўнгги дақиқа факторини яратаётгандир, аммо асосийси, «Сити»да сўнгги дақиқаларда ўзига бўлган ишончнинг йўқолмаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, «Саутҳэмптон»га қарши ўтган турдаги ўйинни олайлик: Ўйиннинг сўнгги сонияси ўтаётган бўлса-да, футболчилар тўпни жарима майдонига узатишга шошилмадилар ва вазият содир бўлишини кутдилар.

Умуман, «Вест Ҳэм» дарвозасига 82-дақиқада Сильва томонидан киритилган гол мезбонларга +2 олиб келди. Жамоа сўнгги уч ўйинда бир хил - 2:1 ҳисобларида ғалаба қозоняпти ва бу ўйинларнинг ҳар бирида ҳал қилувчи гол 80-дақиқадан кейин киритилди. Шунингдек, мавсум бошидаги «Борнмут» ва «Эвертон» дарвозасига сўнгги дақиқаларда киритилган голларни қўшсак, «Манчестер Сити» ушбу мавсумда сўнгги 10 дақиқадаги голлар эвазига 9 очко олганини кўрамиз. Бу лигадаги энг яхши кўрсаткичдир.

Кўпчилик, манчестерликларнинг ўйинида пасайиш албатта содир бўлишини айтишаётганди, балки ўша давр аллақачон келгандир. Аммо Гвардиола шогирдлари бу даврда ҳам максимал очко олишнинг уддасидан чиқмоқдалар ва дерби олдидан жуда қулай очко фарқига эга бўлиб олишди.

«ОЛТИНЧИ НЕГР БОЛАСИ»

«Олти негр боласи асалари боққан он

Бирини чақди ари, сўнг қолишди бешовлон»

– дейилади Агата Кристи қаламига мансуб машҳур асарда. Агар АПЛ ғолиблиги учун мавсум бошида йўлга чиққан олти топ жамоани ўша асар қаҳрамонларига ўхшатсак, «Тоттенҳэм» сўнгги турларда яхшигина асалари ҳужумига дуч келганини кўришимиз мумкин. Почеттино шогирдларидан босимни олиб ташлаш учун чемпионлик учун курашмаётганликларини айтган бўлса-да, йўқотишлар давом этмоқда. Клуб АПЛда сўнгги 6 ўйиндан атиги 1тасида ғолиб бўлди. Топ ўйинларда «Арсенал» ва «МЮ» дарвозаси ишғол қилинмади. «Лестер»дан мағлубият, «Вест Бромвич» билан ўз майдонидаги дуранг – буларнинг ҳаммаси Мадриднинг «Реал» жамоаси устидан қозонилган ажойиб ғалаба билан бир пайтда рўй бераётгани янада тушунарсиз. Яъни, «Тоттенҳэм»нинг ўйин сифатида қандайдир пасайиш даври юзага келганини баралла айтиш қийин. Аммо факт шундаки, сўнгги бир ойдаги натижалар туфайли, жамоа «Манчестер Юнайтед»дан 10, «Манчестер Сити»дан 18 очко ортда қолиб кетди.

ЛИВЕРПУЛЬ ҚАЙТМОҚДАМИ?

«Тоттенҳэм»нинг барча омадсизликлари жамоанинг ўз майдонида «Ливерпуль» устидан қозонган 4:1 ҳисобидаги ажойиб ғалабасидан сўнг бошланган бўлса, аксинча, «Ливерпуль»нинг ўша ўйиндан кейинги натижаларига фақат ҳавас қилиш мумкин.

Буёғига «Ливерпуль» 6 ўйин ўтказди ва 5тасида ғалаба қозонди. Фақат «Челси» билан дуранг қайд этилди, айниқса, ўша 5 ғалабанинг барчаси йирик ҳисобда қайд этилганини, умумий тўплар нисбати – 18-2 эканига нима дейсиз? «Сток Сити», «Вест Ҳэм», «Брайтон» жамоалари ўз майдонларида ҳар қандай рақибга қаршилик қила оладиган рақиб саналишади.

Аммо Клоппни яхшигина бошоғриғи кутиб турган бўлиши мумкин. Мане, Салоҳ, Фирминьо, Коутиньо, Соланке, Старриж, Лаллана, Окслейд-Чемберлейн – бу футболчилар «Ливерпуль»нинг ҳужум чизиғида ўйнаши мумкин бўлган футболчилар ва буларнинг ҳаммаси ҳозирда яхши спорт формада. Ҳар сафар булардан фақат тўрт нафарини танлашга тўғри келади. Ҳозирги тиғиз тақвимда Клопп ротациялар орқали, энг яхши натижаларни қайд этиши мумкин, аммо эртага, асосий таркибни аниқлашга келганда, баъзи норозиликлар чиқиши табиий. Салоҳнинг ажойиб формаси ортидан, Маненинг захирада қолаётгани ва ўз норозилигини намойиш қилаётгани бунга ёрқин мисол.

BIG SAM ЭФФЕКТИ

«Эвертон» бошқарувига Сэм Эллардайснинг келиши аниқ бўлганидан сўнг, жамоа натижаларида кескин ўзгариш рўй берганини таъкидлаш керак. «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда (4:0) Эллардайс томошабинлар қаторида ўйинни кузатган бўлса, мураббийнинг илк расмий учрашувида «Эвертон» «Ҳаддерсфилд»ни 2:0 ҳисобида енгди. Шу пайтгача, ливерпулликлар фақат бир ўйинда ўз дарвозаларини дахслсиз сақлаганди холос.

ТУР ИҚТИБОСИ

«ВВС MOTD кўрсатувида «Арсенал»ни мақтамаганимиз учун бизни танқид қилишяпти. «Арсенал» 70 фоиз тўпни назорат қилгани, 33та зарба берганини мақташимиз керакмуш. Погбани қўриқлашга 5 киши ташланиб, Валенсия ёлғиз қолдирилган вазият учун нима дейлик? Жавоб беринглар? Йўқ, бу шунчаки, ҳакамнинг хатоси, шундайми?»

(Иан Райт, эксперт, «Арсенал»нинг собиқ юлдузи)

 

РАҚАМЛАР

  • «Манчестер Сити» қаторасига 13 ўйинда ғалаба қозониб, Англия чемпионатида «Престон», «Сандерленд», «Арсенал» ва «Челси» кўрсатган серияни такрорлади. Агар Гвардиола шогирдлари «Олд Траффорд»да бўлиб ўтадиган 16-турда ҳам ғалаба қозонишса, мутлақ рекорд соҳиби бўлади.
  • «Арсенал»нинг ўз майдонидаги мағлубиятидан сўнг, «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида юз фоизлик натижа кўрсатаётган ягона жамоа бўлиб қолди. «Манчестер Сити» эса, сафарда ҳали очко йўқотгани йўқ.
  • Александр Ляказет уй учрашувларида 6-голини урди. Бу лигадаги энг яхши кўрсаткичдир.
  • Антонио Валенсия мавсумдаги 2-голини урди. Қизиғи, аввалги голни ҳам у 3-дақиқада урганди.
  • «Кристал Пэлас» қаторасига 10 сафар ўйинида майдонни голсиз тарк этмоқда. Бу билан «бургутлар» «Манчестер Сити»нинг 1950/51 йилги мавсумдаги сериясини такрорлади.
  • «Тоттенҳэм» сўнгги 7 ўйинда атиги 1 ўйинда ўз дарвозаси дахслизлигини сақлай олди. Ундан аввалги 5 ўйиннинг 4тасида Льорис дарвозаси ишғол этилмаганди.
  • Алваро Мората ўтган мавсум бошидан буён 11 маротаба рақиб дарвозасини бош билан ишғол қилди. Кучли бешликдаги энг катта кўрсаткич.
  • «Ҳаддерсфилд» қаторасига 4 ўйинда мағлубиятга учради, «Вест Бромвич» эса, уч ўйиндан буён фақат дуранг натижа қайд этмоқда.

Турнинг барча ўйинлари 

Турнир жадвалидаги ҳолат

Top