18:46 / 05.12.2017
15858

Геологлар Ер қаърида кўплаб бошқа сайёралар қолдиқларини топишди

Фото: РИА "Новости"

Янги пайдо бўлган Ер Ойнинг ҳосил бўлишида муҳим роль ўйнаган Тея билан тўқнашиб кетгач, яна бир нечта сайёраларнинг ҳомилаларини «ямлаб» юборган ва қадимий сайёраларнинг изларини геологлар Гренландияда топишган, дейилади Nature Geoscience журналида эълон қилинган мақолада.

«Биз Янги пайдо бўлган Ер бошқа осмон жисмлари билан қандай тўқнашганини ва биз «сўнгги аккреция даври» деб атайдиган даврда металлар ва силикатлар сайёрамиз материяси билан қай тариқа аралашганини тасвирловчи компьютер моделини қурдик. Бу ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, Ер қаърида бундай материялар шу вақтгача ҳамкасбларимиз томонидан қабул қилинганидан-да чандон зиёд борлигини кўрсатмоқда. Бу эса Ер эволюцияси тарихини кескин ўзгартиради», — деган Боудердаги (АҚШ) жанубий-ғарбий тадқиқот институти олими Симон Мархи.

Сўнгги 30 йилда сайёрасимон жисм бўлмиш Теянинг Ер билан тўқнашувидан сўнг Ой ҳосил бўлган, деб ҳисоблаб келинар эди. Фаразга кўра, ушбу тўқнашув натижасида Тея ва Ернинг материяси космосга отилиб чиқади ва ушбу материядан Ой ҳосил бўлади. Қадимий Ернинг йирик осмон жисми билан тўқнашуви назарияси Ойнинг массасига, унда темир моддасининг камлиги ва бошқа параметрларга мантиқли тушунтириш бера олади.

Бироқ, бундай тўқнашув натижасида Ой таркиб топган материалнинг аксарият қисмини фаразий Тея сайёраси келтирган бўлиши керак эди. Ўз таркибига кўра, у Қуёш системасининг ички соҳасидаги бошқа осмон жисмлари — Ер гуруҳи сайёралари ва астероидлар каби Ердан фарқли бўлиши керак эди. Аслида Ер ва Ойнинг таркиби кўплаб металлар ва бошқа элементларнинг изотоплари ҳиссасига қадар жуда ўхшаш.

Ушбу фаразнинг барча плюсларига қарамасдан, унинг бир неча жиддий камчиликлари ҳам бор. Масалан, бу ғояга биноан, бўлажак Ойнинг материясидаги барча сув захиралари Тея ва Ернинг тўқнашувидан сўнг коинотга буғланиб кетиши керак эди.

Олти йил муқаддам кўплаб астрономлар бунга шубҳа қила бошлашди, чунки Ерга «Аполлон-15» ва «Аполлон-17» экспедициялари томонидан келтирилган Ой тупроғи намунларида сув миқдори назарий жиҳатдан айтилганидан юзлаб баробар юқори эди. Бошқа бир олимлар NASA астронавтлари мисли Ойда бўлиши мумкин бўлмаган аллақандай «сув аномалияси»га дуч келишганини тахмин қилишган.

Мархи ва унинг ҳамкасбларининг фикрича, бу аномалиялар Ер нафақат Тея, бошқа янги пайдо бўлаётган сайёралар билан тўқнашгани ва уларнинг материясининг катта қисми бугунги кунда Ер қаърида яшириниб ётганини билдиради.

Улар янги пайдо бўлаётган Қуёш системасининг компьютер моделини яратиб, нафақат Ер ва Ой, шунингдек, бир бири билан мудом тўқнашиб юрган янги сайёралар ва осмон жисмларига урилиб юрган уларнинг «ўлик» ҳомилалари ҳам бўлгани ҳақидаги хулосага келишди.

Олимларнинг бугунги кунда ҳисоблашларича, Ер бундай тўқнашувларга ўнлаб, ҳаттоки юзлаб марта дучор бўган. Ҳомила сайёрлаларнинг материясининг катта қисми коинотга буғланиб кетган ва Ер билан тўқнашув натижасида сочилиб кетган, бунинг оқибатида бугун Ер массасининг бор-йўғи 0,5 фоизи «ўзга» оламлар материясидан иборат, деб келинар эди.

Мархи жамоасининг ҳисоб-китоблари бундай эмаслигини кўрсатди. Агар ҳомила сайёралардан камроқ қисми йирикроқ — кўндаланг кесими 1500 километрдан ортиқ бўлган бўлса, Ер қаъридаги бошқа сайёралар таркибида бўлган маъданлар миқдори 2,5–3 фоизга тенг бўлади.

Бу сайёраларнинг изини қандай топса бўлади? Геологларнинг фикрича, ер қобиғи ва мантияси тўлиқ эриб, «ўзга сайёра» тупроқлари билан қоришиш учун бу тўқнашувларнинг кучи у қадар юқори бўлмаган, бироқ собиқ ҳомила сайёранинг бўлаклари жуда чуқурга кириб бориши учун етарли бўлган.

Бу шуни билдирадики, Ер қаърида вольфрам ва гафний каби турли металларнинг изотоплари, аномал даражада юқори бўлган соҳалар, шунингдек, ғайриоддий, намунаси Ер сиртининг бошқа жойида учрамайдиган силикат ва тоғ жинслари учраши мумкин. Мархи ва унинг ҳамкасбларининг тахмин қилишича, бундай ётқизиқлар Гренландия ҳудудида, яшил тошли белбоғ деб аталувчи ҳудудда учрайди.

Бу ерда вольфрам-182’нинг улуши жуда юқори бўлган уникал коматит-жинслар учратилмоқда ва унинг тузилмаси Ернинг бошқа бирор жойида учратилмайди. Уларни ўрганиш Ернинг ўз ҳаётининг дастлабки даврларида қандай бўлгани ва қанчалик кўп сайёраларни «ямлаб» юборганини ташуниш имконини беради.

Top