17:18 / 05.12.2017
24075

Президент ташрифидан кейинги ишлар ижроси натижалари қандай?

Фото: ЎзА/Архив

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 октябрь куни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида Хоразм вилоятига ташрифи давомида Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб қатор кўрсатмалар берган эди. 

Ушбу Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш лойиҳаси давлат раҳбарининг 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида ўтказилган мажлис баёнига кўра “Тошсоқа тизимининг магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси бўйича қурилиш-монтаж ишларини 2018 йил декабрь ойида якунлаш тўғрисидаги топшириғига асосан, 4-пакет, 5-пакет,  ва 7-пакетга кирадиган барча қурилиш-монтаж ишлари “Ўзбекгидроэнерго” Акциядорлик жамияти тасарруфидаги  “Тўпаланг” қурилиш монтаж бошқармасига топширилган эди.  

Бугунги кунда Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини реконтструкция ва таъмирлаш ишлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ га қарашли “Тўпаланг” қурилиш монтаж бошқармаси томонидан қизғин олиб борилмоқда. Ишлар икки сменда ташкил этилиб, 500дан ортиқ ишчи жалб этилган. Ишчилар, қурувчилар учун “Ўзбекгидроэнерго” АЖ га қарашли “Тўпаланг” қурилиш монтаж бошқармаси томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. 

Умумий қиймати 145 миллион доллардан ортиқ бўлган ушбу лойиҳа доирасида Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот каналларининг 305 километри реконструкция қилиниб, канал туби кўтарилади. 21 янги канал ва 607 гидротехника иншооти қурилади. Бунинг натижасида 280 га яқин насос олиб ташланиб, йилига 14 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тежалади.

Бугунги кунда вилоятда 276,7 минг гектар суғориладиган майдон мавжуд. Тошсоқа тизими орқали 191,3 минг гектар ер суғорилади. Амударёда сув кам пайтларда, айниқса, эрта баҳор ва ёз ойлари бошида каналларда сув сатҳи жуда паст бўлиб, ғалла, пахта ва бошқа экинларни суғориш учун сув асосан насослар ёрдамида олинарди. Бу харажатларнинг ошиб кетишига, сув исрофгарчилиги ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келар эди. 

Мазкур лойиҳага кўра, вилоятдаги Тошсоқа, Шовот, Полвон Ғазовот ва Ғазовот магистрал ва хўжаликлараро каналларининг 120 километри реконструкция қилинди. Режадаги 607 гидротехник иншоотдан 318 таси янгидан қурилди. Бу ишлар натижасида 279 насос агрегатидан воз кечилиб, қишлоқ хўжалик экинлари ўзи оқар сув билан таъминланади ва 31,6 миллион киловатт соат электр энергия иқтисод қилинади.

Тошсоқа тизимининг магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш бўйича 4-пакет, 5-пакет, 7-пакет объект қурилишида 201,89км даги каналларнинг узунлиги бўйича 3834557 м3 ер ишлари ва 205 892м3 бетон ишлари бажарилиши кўзда тутилган. 

Шундан: 4–пакет бўйича Удачи, Бегяб, Қулаватга подпитка, Кенегес, Р-9, Навоий-яб, Мадиряб 2 каналларини иншоотлари билан қайта ишлаш бўйича бугунги кунда 2063 281 м3 ер ишлари ҳамда 123 437 м3  бетон ишлари  амалга оширилиши назарда тутилган. Бугунги кунда 4-пакет бўйича 499 700м3 ер ишлари ва 31 845 м3 бетон ишлари бажарилган. Ушбу 4-пакет бўйича каналларнинг умумий узунлиги 135, 704 км.ни ташкил этади. 

Кейинги 5-пакет бўйича Собиров, Р-7 А чап тармоғи, ва Р-3 каналларни қайта тиклаш бўйича1005 555 м3 ер ишлари, 67 726 м3 бетон ишлари бажарилиши зарур. 5-пакет бўйича каналларнинг умумий узунлиги 47, 689 км.ни ташкил этади.  Бугунги кунга келиб ушбу 5-пакет бўйича 751 756 м3 ер ишлари ҳамда 49 471 м3 бетон ишлар бажариб бўлинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,  7-пакет бўйича қурилиш-монтаж ишлари 100 фоиз бажариб бўлинган.

Хоразм вилоятининг умумий  суғориладиган майдони 264,29 минг гектарни ташкил этади. Шундан Тошсоқа тизимидаги магистрал каналлар орқали вилоятнинг 191,3 минг гектар ер майдони сув билан таъминланади. Бу эса 70 фоизни ташкил этади.

Мазкур Тошсоқа тизимидаги магистрал каналларда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари 2018 йилда якунланиши режалаштирилган. Мазкур Тошсоқа магистрал суғориш тизими тўлиқ қурилиш-монтаж ишлари якунланиши вилоятнинг Боғот, Қўшкўпир, Урганч, Ҳазорасп, Хонқа, Хива, Шовот, Янгиариқ, Янгибозор туманларидаги майдонларни суғоришда тўлиқ сув таъминоти билан таъминлайди.

Хазорасп ва Боғот туманлари ҳудудидан ўтувчи Р-3А каналининг 20 км узунликдаги қисмида монтаж ишлари якунланиши натижасида 1,3 млрд сўм маблағ иқтисод қилинди. 16 та насос агрегатлари демонтаж қилинди. Айнан шу туманларда 3250 минг гектар майдони ўзи оқар сув билан таъминланди  ва 2180 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 

Top