18:51 / 06.12.2017
21054

«Даҳшатли хато». Эрдўған ал-Қудс бўйича ИҲТ саммитини чақирмоқда

Фото: AP

Туркия президенти Тоййиб Эрдўған Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари етакчиларининг фавқулодда саммитини Истанбулда 13 декабрь куни ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу АҚШ ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олмоқчи экани билан боғлиқ, дея маълум қилди Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин.

Туркия айни дамда Ислом ҳамкорлик ташкилотида раислик қилмоқда.

Аввалроқ Оқ уй вакили АҚШ президенти Дональд Трамп 6 декабрь куни Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш ҳақида эълон қилишини хабар берганди.

"Ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш даҳшатли хато ва халқаро қонунчиликнинг бузилиши бўлади. Ал-Қудс – бу барчамизнинг умумий масъулиятимиз. Бизнинг президент маълум қилдики, у мусулмонлар учун қизил чизиқдир. У Ислом ҳамкорлик ташкилоти етакчиларини Истанбулда 13 декабрь куни фавқулодда саммитга таклиф этади, бу ушбу қадамга қарши жавоб ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун керак", - дея айтиб ўтди Қалин журналистларга.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия президенти ушбу масала бўйича чоршанба куни Малайзия, Тунис, Эрон, Қатар, Саудия Арабистони, Покистон, Индонезия етакчилари билан телефон мулоқотини ўтказган, бошқа етакчилар билан маслаҳатлашувлар давом этмоқда.

Кеча эса Эрдўған АҚШ томонидан ал-Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиниши Туркия ва Исроил ўртасида дипломатик алоқаларнинг узилишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди.

Исроил ал-Қудсни, жумладан, Иорданиядан ярим аср аввал эгаллаб олинган унинг шарқий туманлари ва тарихий марказини ўзининг “ягона ва ажралмас” пойтахти сифатида эълон қилди. Жаҳон ҳамжамияти босиб олиш ҳолатини тан олмайди ва шаҳар мақомини Яқин Шарқдаги можаронинг энг асосий муаммоларидан бири сифатида кўради. Шу сабабдан барча хорижий элчихоналар Тель-Авивда жойлашган.

АҚШ Конгресси 1995 йилда Исроилдаги элчихонани Тель-Авивдан ал-Қудсга кўчириш ҳақидаги қонунни қабул қилган. Бироқ шаҳарнинг баҳсли мақоми ва бу ҳолатнинг араб-мусулмон дунёси билан муносабатлардаги ўта нозиклиги инобат олиниб барча америкалик президентлар, жумладан Трамп ҳам, ҳар ярим йилда бу қарорнинг бажарилишини ортга суриб келган.

Аввалроқ Марокаш қироли Муҳаммад VI ҳам ал-Қудс бўйича баёнот бергани хабар қилинганди.

Top