11:05 / 06.12.2017
25645

Халқ таълими вазирлигининг асосий вазифалари нималардан иборат?

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низом ҳамда айрим идоравий мансуб ташкилотларнинг уставлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3 304-сон қарорини ижро этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

 

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Республика таълим марказининг устави 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Уқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис марказининг устави 3-иловага мувофиқ;

А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг устави 4-иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири У.И.Иноятов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низомга кўра, вазирлик умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавоб берадиган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмалар деб аталади), Вазирлик тузилмасига кирадиган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланадилар, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўладилар.

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Республика таълим маркази, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази, “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт маркази, “Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт маркази, “Баркамол авлод” республика болалар экология ва ўлкашунослик маркази, Республика ўқувчи-ёшлар маркази, Республика болалар кутубхонаси;

“Бошланғич таълим” журнали таҳририяти” давлат корхонаси, “Тил ва адабиёт таълими”, “Преподавание языка и литературы”, “Language and literature teaching” журнали таҳририяти” давлат корхонаси, “Маърифат” ва “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти, “Халқ таълими” журнали таҳририяти” давлат корхонаси, “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти, “Класс” газетаси таҳририяти, “Ғунча” журнали таҳририяти, “Гулхан” журнали таҳририяти;

Аниқ фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, Филология фанлари чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, Хорижий тиллар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, Профилли меҳнат таълими давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, Табиий фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби, Мирзо Улуғбек номидаги математика, астрономия, физика ва информатика фанлари чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати;

“Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси;

А.П.Хлебушкина номидаги 22-сонли “Меҳрибонлик” уйи, Республика “Меҳрибонлик” уйлари соғломлаштириш оромгоҳи;

Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти;

ҳудудий бўлинмалар;

“Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари, ахборот-ресурс марказлари;

давлат умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни ҳар томонлама ривожлантиришга, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланиши даражасини янада юксалтиришга йўналтирилган таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

2) умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграцияни таъминлаш орқали 11 йиллик ўрта таълимни жорий этиш бўйича ташкилий-методик тадбирлар тизимини амалга ошириш;

3) умумтаълим мактабларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш ҳамда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ халқ таълими муассасалари фаолиятига методик раҳбарлик қилиш;

4) умумтаълим муассасаларида чет тилларини ўқитиш самарадорлигини таъминлаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат таълимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

5) ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламасини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

6) мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режаси ва дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш;

7) “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз қолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;

8) жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволаниш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим- тарбия (шу жумладан инклюзив) олишлари учун муҳитни яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) фаолиятини мувофиқлаштириш;

9) халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, “оммавий маданият” кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;

10) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш;

11) халқ таълими муассасаларида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ҳамда бюджет интизомига риоя этишни таъминлаш;

12) халқ таълими муассасаларида бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш.

Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни ҳар томонлама ривожлантиришга, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланиши даражасини янада юксалтиришга йўналтирилган таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимлари фаолиятини ташкил этиш ва яхшилаш масалаларида давлат бошқарувини амалга оширади;

ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим тизимларининг янада ривожланишини назарда тутадиган давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Вазирлик тизимига кирадиган халқ таълими муассасалари ва ташкилотларни ривожлантириш истиқболларини прогнозлаштиради, давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларининг сифатли бажарилишини таъминлаш учун идоравий мансуб бўлинмалар, шунингдек, нодавлат таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштиради;

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари, халқ таълими тизими мутахассисларига қўйиладиган малака талабларининг бажарилиши юзасидан идоравий назоратни ташкил этади;

умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолияти устидан методик раҳбарликни амалга оширади;

илмий-техник ривожланиш ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг ёш ва психофизиологик хусусиятларини, шунингдек, уларнинг ўзлаштириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда давлат таълим стандартлари, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари, ўқув дастурлари ва дарсликларни узлуксиз равишда такомиллаштиради;

ахборот технологиялари ва молиявий назоратнинг эътироф этилган халқаро стандартларини жорий этиш орқали идоравий мансуб таълим муассасаларида бюджет қонунчилиги бузилиши профилактикасига ва унинг олдини олишга йўналтирилган молиявий назоратни амалга оширади;

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбларида мустақиллик ғояларига садоқат, миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига учун куюниш, фидойилик туйғуларини шакллантириш, уларни турли мафкуравий хатарлардан ҳимоя қилиш ишларини амалга оширади;

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятининг таълим ва ижтимоий жиҳатдан самарадорлиги таҳлилини ўтказади, уни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

Вазирлик тизими фаолиятига дахлдор журнал ва газеталар, бланкалар, ўқув- методик мажмуалар, бюллетенлар ҳамда ўқув қўлланмаларини нашр этишни, шунингдек, Вазирликнинг веб-сайти ишини ташкил этади;

халқ таълими тизимида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва унинг самарадорлигини оширишга кўмаклашади, халқ таълими масалалари бўйича хорижий ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ва ҳамкорликни йўлга қўяди;

2) умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасида ўзаро интеграциями таъминлаш орқали 11 йиллик ўрта таълимни жорий этиш бўйича ташкилий-методик тадбирлар тизимини амалга ошириш соҳасида:

ўқимишли, ижодкор, ўз ишини биладиган ва рақобатбардош, шиддат билан ўзгариб бораётган муҳитда онгли яшашга қодир, ўз касбий тайёргарлигини танлашда бутун ҳаёти давомида кенг имкониятлардан фойдалана оладиган, шахсий ва жамият манфаатлари йўлида ўзини кўрсата оладиган шахсни камол топтириш ва ривожлантириш учун барча шароитларни яратади;

умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўзаро интеграциясини, шунингдек, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг замонавий талабларига мувофиқ узлуксиз таълим мазмунини шакллантиради;

билимларни мустақил эгаллашга ва амалиётда қўллаш эҳтиёжи ва уқувини тарбиялашга қаратилган асосий компетенцияларни шакллантиришга кўмаклашадиган таълим мазмунини таъминлайди;

билишга бўлган интилишни шакллантиришга йўналтирилган таълим мазмунини такомиллаштиради;

таълим мазмунини ўқувчиларни илмий билиш усуллари ва мустақил тадқиқотлар олиб боришга мақсадли ва тизимли ўргатишга йўналтириб боради;

ўқувчиларнинг психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олиб ўқув юкламаси ҳажмини мақбуллаштиради;

таълим дастурларининг ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши даражаси ва йўналишларини ҳисобга олган ҳолда таълим мазмунини табақалаштиради;

3) умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш ҳамда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ халқ таълими муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишда методик раҳбарлик қилиш соҳасида:

ўқувчиларнинг онгли равишда касб танлашлари учун уларни касбга йўналтириш, танланган касб бўйича меҳнат кўникмаларини ўргатишни амалга оширади;

ўқувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлашни шакллантиришни, уларни касбга йўналтириш, таълим олиш ва касб эгаллашнинг келгуси йўлларини онгли равишда танлашини таъминлайди;

педагог ходимларни узлуксиз равишда ўзини ўзи касбий-педагогик ривожлантиришга (бутун ҳаёти давомида таълим олишга) йўналтиради;

шахсга йўналтирилган, тизимли фаолият юритиш ва компетентли ёндашув талаблари асосида республика таълимини модернизациялашнинг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш шаклларини, касбий таълим дастурлари мазмунини такомиллаштиради;

ижобий тажрибани, касб қийинчиликларини ҳамда педагог ва методистларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, педагогларнинг касбни билиши шаклланганлигига, таълим олувчиларнинг предметли ва асосий компетенцияларига ташхис қўйиш ва мониторинг олиб бориш асосида методистлар ва педагогларга, барча даражалардаги экспериментал ва инновацион майдончаларга манзилли илмий- методик ёрдам кўрсатади;

таълим маконини ахборотлаштириш, технологияларни жорий этиш ва оптималлаштириш орқали педагог ходимлар учун ривожланиб борувчи ўқув-методик муҳит яратилишини таъминлайди;

ўқитувчиларнинг ишдан ажралмаган ҳолда узлуксиз малака оширишларини таъминлайди;

таълим соҳасининг асосий ва фанлар бўйича мақсадларини ҳисобга олиб, натижага эришишни кўзлаган ҳолда аниқ ўқув жараёни мақсадлари лойиҳалаштирилишини таъминлайди;

таълим стандартлари талабларига мувофиқ ва дастур материаллари ўзлаштирилишини ташкил этиш бўйича вазифалар комплексини ҳал этишга йўналтирилган ўқув жараёнини мувофиқлаштиради;

ўқув жараёнини лойиҳалаштириш ва уни амалиётга татбиқ этиш учун ахборот муҳити салоҳиятини жорий қилади;

психологик қулайлик ва қўллаб-қувватлаш муҳити яратилишини, шахсий натижаларга эришилганидан сўнг олинадиган ижобий ҳис-туйғуларни компетенциялар кўринишида рағбатлантиришни таъминлайди;

4) умумтаълим муассасаларида чет тилларини ўқитиш самарадорлигини таъминлаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва меҳнат таълимини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ўқувчиларга хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштиради;

болаларнинг психологик-педагогик хусусиятларини ҳисобга олиб умумий ўрта таълимнинг 1-11-синфларида хорижий тилларни ўқитишни ташкил этиш чора- тадбирлари комплексини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

ўқувчиларнинг билими, кўникмалари ва қобилиятларига бўлган талабларни аниқлаштириш орқали давлат таълим стандартлари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг 1-11-синфларида хорижий тилларнинг ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштиради;

умумтаълим мактабларининг 1-11-синфлари учун хорижий тиллар бўйича дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларни, жумладан, уларнинг электрон шаклларини ишлаб чиқади ва яратади;

тадбиркорлик фаолияти тўғрисида кенг тасаввурга, малака кўникмалари ва ташкилотчилик қобилиятларига эга бўлган мустақил фикрлайдиган шахсларни тарбиялаш ишларини такомиллаштиради;

таълимнинг кейинги босқичини ёки меҳнат фаолиятини танлашда ўқувчиларга кўмаклашади;

касбий таълимни такомиллаштиришни таъминлайди;

касбий таълимнинг ўқув-тарбия жараёнига замонавий ва инновацион педагогик усуллар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни амалга оширади;

5) ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, янги педагогик ва ахборот технологияларини, ўқувчиларнинг ўқув, психологик ва жисмоний юкламасини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбиянинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш соҳасида:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида ва ҳудудий бўлинмаларда ахборот-таҳлилий ишларнинг олиб борилишини таъминлайди;

миллий истиқлол ғояси, бой миллий маданий-тарихий мерос, миллий урф- одатлар ва умуминсоний ғоялар асосида баркамол авлодни тарбиялашнинг самарали ташкилий, педагогик шакллари ва усулларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

замонавий илғор таълим шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини ўқув-тарбия жараёнига жорий қилиш орқали ўқувчиларни ҳар томонлама камол топтиришни таъминлайди;

ўқувчилар билан мактабдан ташқари иш олиб бориш, янги педагогик ва ахборот технологиялари, турли тадбирлар, кўрик-танловлар, ва мусобақалар ташкил этишнинг самарали усул ва шаклларини қўллаган ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари комплексини амалга оширади;

ўқувчиларнинг психологик ва жисмоний хусусиятларидан келиб чиқиб, шу жумладан, ўқув фанларини унификациялаш ва интеграциялаш орқали ўқув дастурлари мақбуллаштирилишини амалга оширади;

6) мазмун ва сифат жиҳатидан халқаро талабларга жавоб берадиган, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда янгиланган ўқув режаси ва дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди яратилиши ва нашр этилишини ташкил қилиш соҳасида:

илғор халқаро тажриба асосида ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратиш концепциясини ишлаб чиқади;

ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратишда сўнгги илмий ва техник ютуқларни ҳисобга олиб концентризм педагогик тамойили асосида ўқув материалларини тузиб чиқади;

ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини яратишда янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ижодий ва мустақил вазифаларни ишлаб чиқади;

ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлоди мазмунининг ҳаёт, амалиёт ва ишлаб чиқариш билан боғлиқлигини, ўқув материалларининг фундаментал хусусияти ва ўқувчиларда мутолаа маданияти шакллантирилишини таъминлайди;

7) “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини такомиллаштириш, ота-оналар қаровисиз цолган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясини ва ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш соҳасида:

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш, камол топтириш ва уларни қўллаб-қувватлашни ташкил этишни, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг психологик жиҳатдан тўлиқ тикланиши, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашиши, сифатли таълим ва тарбия олиши, шунингдек, уларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашувчи ва уй шароитларига максимал даражада яқинлаштирилган шарт-шароитларни таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мулкий ва номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қариндошларини аниқлаш ва улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатилишини таъминлайди;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар орасида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий билим, кўникмаларни шакллантириш юзасидан таълим ва тарбиявий ишларни ташкил этишни амалга оширади;

ижтимоий ривожланиши коррекция ва (ёки) реабилитацияга, ривожланишининг тиббий-ижтимоий ва психологик-педагогик муаммоларига ташхис қўйишга ва уларни ривожлантириш ва реабилитация қилиш бўйича индивидуал дастурлар тузилишига муҳтож етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар гуруҳларини аниқлайди;

8) ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим-тарбия (шу жумладан инклюзив) олишлари учун мослашув муҳитини яратиш, имкониятлари чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг билиш қобилиятларини эътиборга олган ҳолда умумий ўрта таълим ва тарбия олишлари учун ёрдам кўрсатиш мақсадида ўқув-тарбия, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари фаолиятини ташкил этишни, бунинг учун зарур шароитларни яратишни, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга интеграциялашувига кўмаклашишни, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатишни амалга оширади;

давлат таълим стандартларига мувофиқ мактаб, мактаб-интернат ёки уйда таълим олаётган, жисмоний ва психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминланишини амалга оширади;

ҳудудлардаги психологик-тиббий-педагогик комиссиялар фаолиятини, мактаб, мактаб-интернат ёки уйда таълим олаётган болаларга халқ таълими муассасаларида соғлигини тиклаш ва касбга ўргатиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини мувофиқлаштиради;

жисмоний ва психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ўқувчиларни оптимал ривожлантириш мақсадида шахсга мўлжалланган, ижтимоий йўналтирилган таълим жараёнида табақалаштирилган ва индивидуал таълим беришни ташкил этишни таъминлайди;

9) халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бўлимлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш орқали ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият, инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига мустақиллик ғояларини янада чуқур сингдириш, “оммавий маданият” кўринишидаги ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш соҳасида:

халқ таълими муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бирламчи ташкилотларининг самарали фаолият юритишини, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик фаолиятини ҳамда ўқувчи ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди;

ўқувчи ёшларда ҳуқуқий, эстетик, экологик тарбияни ривожлантириш бўйича турли тадбирлар, кўрик-танловлар, мусобақалар, ижодий ишларни ташкил қилишни таъминлайди;

иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш ва ўқитиш бўйича психологик-педагогик ва ташкилий шарт-шароитлар яратади;

фуқаролик жамиятни қуриш ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнида ёш педагог ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни, ёшларни жисмоний соғлом, мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ва қатъий ҳаёт позициясига эга инсон этиб тарбиялашни таъминлайди;

ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини тарғиб қилиш мақсадида китобхонлик маданиятини шакллантиради, ўқувчиларни ёт ғоялар, “оммавий маданият” ва зарарли одатларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни ташкил қилишни таъминлайди;

ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, болалар ва ўсмирларни “Баркамол авлод” болалар марказларидаги турли тўгаракларга, шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларига қамраб олишга йўналтирилган тизимли фаолият бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминлайди, ушбу йўналишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа жамоат ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ўқувчиларнинг илмий ва бадиий адабиётларни ўқишга бўлган қизиқишини ошириш орқали уларда турли мафкуравий таҳдидларга, хусусан, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантирилишини таъминлайди;

10) умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари томонидан давлат таълим стандартлари ва талаблари бажарилишининг тизимли мониторингини олиб бориш соҳасида:

ўқувчиларнинг билими ва таълим сифатига таъсир қиладиган омилларни аниқлаш бўйича тизимли мониторингни амалга оширади;

ўқувчиларга таълим бериш сифатини оширишга йўналтирилган, давлат стандартлари талаблари, давлат талаблари бажарилишини ўрганиш бўйича интеллектуал кўрик-танловлар ва мусобақалар ташкил қилинишини таъминлайди;

таълим сифати мониторинги олиб борилишини назорат қилиш ва амалга ошириш бўйича норматив ҳужжатлар ва методик тавсияларни ишлаб чиқади;

таълим сифатининг умумий ҳолати асосида халқ таълими муассасалари рейтингини аниқлайди;

11) таълим муассасаларида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни ҳамда бюджет интизомига риоя этишни таъминлаш соҳасида:

ҳудудий бўлинмаларнинг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

марказлаштирилган тартибда харажатлар сметасини тузиш ва бажаришни, халқ таълими тизими ходимларига иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлашни, товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилишни таъминлайди;

марказлаштирилган тартибда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, фаолият йўналишига қараб товар (хизмат)ларни сотишдан тушадиган маблаглар мониторинги олиб борилишини амалга оширади;

бюджет маблағларидан фойдаланишнинг натижавийлиги, самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, халқ таълими муассасаларининг мустақиллиги ва ўзини ўзи таъминлашини оширишга йўналтирилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни режалаштириш, улардан фойдаланиш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш методологияси такомиллаштирилишини таъминлайди;

бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ва талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишни таъминлаш бўйича ички аудит ва молиявий назорат хизматлари фаолиятини республика ва ҳудудий даражаларда мувофиқлаштиради;

халқ таълими муассасаларида шартномалар тузиш, бюджет ҳисобини юритиш, харажатлар сметасини тузиш ва ижро этиш мониторингини амалга оширади;

бюджет ҳисоби ва ҳисоботини такомиллаштириш, асоссиз дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик келиб чиқишига йўл қўймаслик, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, жумладан товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш, шунингдек, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг кадрлар таркибини кучайтириш масал ал ари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

12) таълим муассасаларида бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш соҳасида:

бино ва иншоотлардан зарур тарзда фойдаланиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилиши ва мониторинг олиб борилишини таъминлайди;

электр энергияси, табиий газ, кўмир ва кўмир брикетлари, сувдан фойдаланишни тизимли таҳлил қилишни, шунингдек, энергияни тежовчи воситалар ва технологияларни жорий этиш йўли билан улардан оқилона фойдаланиш бўйича таклифлар киритиш орқали ҳисоблаш асбоблари ва уларнинг техник созлиги мониторингини таъминлайди;

иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, иссиқлик ва электр энергияси, кўмир ва кўмир брикетлари истеъмоли ҳамда бино ва иншоотлар сақланишининг белгиланган тартибига риоя қилинишини таъминлайди;

иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, иссиқлик ва электр энергиясини истеъмол қилишнинг, кўмир ва кўмир брикетларидан оқилона фойдаланишнинг, бино ва иншоотларнинг сақланишига доир белгиланган қоидаларга риоя қилмаган раҳбарлар ва ходимларни мукофотларнинг бир қисмидан ёки тўлиқ маҳрум қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини амалга ошириш доирасида бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ҳамда қуриш бўйича ҳудудий бўлинмалар томонидан тақдим этилган манзилли рўйхатларни ўрганиш ва таҳлил қилишни таъминлайди;

бино ва иншоотларни жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ҳудудий бўлинмалар томонидан тақдим этилган манзилли рўйхатларни ўрганиш ва таҳлил қилишни таъминлайди;

халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ва мониторингини олиб боради;

халқ таълими муассасаларининг иссиқлик таъминоти тизими, бут қозонларини алмаштириш ва улардан фойдаланиш ишларининг ҳисоби юритилишини ва мониторинги олиб борилишини таъминлайди;

кўмир ва кўмир брикетлари билан таъминлашнинг манзилли рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни халқ таълими объектларига етказиб бериш мониторингининг манзилли рўйхатларини шакллантириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради;

куз-қиш мавсумида халқ таълими тизими муассасалари бино ва иншоотларидан самарали фойдаланилишини таъминлайди;

идоравий мансуб ташкилотларнинг сув, газ, иссиқлик ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича фаолиятини, уларнинг ҳисобини юритиш асбоблари ҳолати мониторинги олиб борилишини мувофиқлаштиради;

халқ таълими муассасаларини жиҳозлаш (қайта жиҳозлаш) дастурларини ишлаб чиқиш учун уларнинг моддий-техник базасини ўрганиш ва таҳлил қилишни амалга оширади.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.

Top