21:45 / 06.12.2017
6632

Жек Ма: "Хитой ишчи ўринларни ўғирлаётгани йўқ, аксинча, уларни яратмоқда"

Фото: hightech.fm

Alibaba раҳбари Жек Ма Хитой меҳнат бозорига ижобий таъсир кўрсатаётганига ишончи комил эканини таъкидлади. Кўп хорижий компаниялар мамлакатда муваффақиятга эришмоқда, АҚШда эса Хитой компанияларига омад бу қадар кулиб боқмайди. 

Alibaba асосчиси Жек Ма илк босқичда ўз бизнесининг ривожланишига катта қийинчилик билан эришган, у томонидан яратилган компанияда эса узоқ йиллар камомад қайд этилган. Энди эса Alibaba'нинг бозор капитализацияси 430 миллиард доллардан ошади, Жек Манинг ўзи эса Хитойнинг энг бадавлат кишиси ҳисобланади.  

Сўнгги йилларда Alibaba бошқа мамлакатлар бозорини ўзлаштира бошлади ва Манинг ишонч билан таъкидлашича, компания электрон коммерцияни глобаллаштирди. Миллиардер IV Жаҳон интернет бошқаруви конференциясида хорижий мамлакатларда бизнес юритишга доир тажрибаси билан бўлишди. "10 йил илгари мен Жефф Безосга маслаҳат бергандим: Бошқа мамлакатда бизнесни ривожлантирмоқчи бўлсанг, у ерга шунчаки яхши бошқарувчиларни эмас, тадбиркорлик руҳида "ёнувчи" одамларни жўнат ва қийинчиликларга тайёр тур. Қоидаларга амал қил, қонунларга риоя қил ва ҳеч бўлмаганда, 10 йилни ўша мамлакатда ўтказ", - дея Жек Манинг сўзларини келтиради Wall Street Journal. 

Alibaba асосчиси Америка компаниялари Хитойда муваффақиятга эриша олмайди, деган фикрга қўшилмайди. У анжуманда Microsoft, Coca-Cola'ни мисол қилиб келтирди, кейинроқ CNBC'га берган интервьюда эса Starbucks ва IBM'ни ҳам тилга олди. "Менга Америкада худди шундай муваффақиятга эришган беш хитой компанияси номини айтинг", - деди у. Бироқ таҳлилчилар бундай таққослашни тўғри эмас, деб ҳисоблашади, зеро Америка компаниялари Хитой бозорини узоқ йиллар эгаллашади, Хитой эса бошқа мамлакатлардаги бизнесини яқиндагина ривожлантира бошлади. 

Жек Ма шунингдек Хитой америкаликлардан ишчи ўринларни олиб қўяётгани ҳақидаги фикрга қўшилмайди. АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳақида бир неча марта гапирган. Миллиардер Хитой, аксинча, янги иш ўринларини яратмоқда, деб ҳисоблайди. Яқинда Ма Трампга Alibaba савдо платформасига 1 миллион майда Америка корхоналарини жалб қилишга ваъда берди. 

Қарашлардаги қарама-қаршиликларга қарамай, Ма Трампни танқид қилмади. Аксинча, ишбилармон америкаликларга сабрли бўлишни маслаҳат қилди: "Бир йил ичида кўп нарсага эришишнинг иложи йўқ. Унга имкон беринг, ҳеч бўлмаганда, ҳаракат қиляпти".

Top