00:36 / 07.12.2017
49708

Дунёдаги энг хавфли касблар ўнлиги

Истиқболда ҳар қандай касб ҳам хавфли бўлиши мумкин. Ҳатто бухгалтерга ҳам давлат томонидан жиддий жарима белгиланиши, менежер эса зўравон мижозга йўлиқиши ҳеч гап эмас. Қийин дамлар ҳаммада бўлади, бироқ хатолар кечирмайдиган касблар ҳам бўлади. Бу ерда гап директор билан ёқимсиз суҳбат эмас, инсон ҳаёти ҳақида бормоқда. Don'tPanic дунёнинг энг хавфли 10 касби ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди. Бу касбларни танлашдан аввал кўп марта ўйлаб кўринг.

Илон заҳри йиғувчиси

Мутахассис ўз кунини хавфли илонлар билан бирга ўтказиб, уларнинг заҳарини қўлда тортиб олади. Кенг кўламли хавфсизлик чораларига қарамай, доим қандайдир кутилмаган кўнгилсизликлар рўй бериб туради.

Буқалар рейдери

Бу касбни аниқ оддий деб айтиб бўлмайди. Тахминан 90-йиллар охирида АҚШда буқалар пойгаси кенг танила бошлаган. Чавандоз атиги 8 сониялик чиқиши учун катта суммани қўлга киритиши мумкин бўлган. Статистикага кўра, рейдер ҳар 15 чиқишида тахминан 1 марта жиддий жароҳат олар экан.

Кончи

Жуда қийин ва хавфли иш. Кончилар ҳатто барча хавфсизлик тизимлари билан таъминланган шароитларда ҳам ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади. Уларга ҳар куни хавф соя солади: катта чуқурлик, атрофдаги юқори ҳарорат, портлашлар, кўчкилар, метан ва газдан заҳарланиш  эҳтимоли...

Тимсоҳлар билан курашувчи (рестлер)

Ҳа, бу дунёдаги энг кенг тарқалган бўлмаса-да, ҳақиқатда  мавжуд касб. Тимсоҳларнинг оғзига қўрқмасдан бош суқувчи ботирларни Осиёда кўриш мумкин — Бангкок ҳайвонот боғида бундай шоулар доимий тарзда ўтказилади.

Ўт ўчирувчи

Ўт ўчирувчилар барча мамлакатларда жуда яхши тайёргарликдан ўтишади. Шундай бўлса-да, ўтдан қўрқмас жасур курашчилар ҳар куни хавф остида меҳнат қилишади.

Инкассатор

Банкларни ўмариш фақат жангари фильмларда бўлади, деб ўйлайсизми? Аслида инкассаторлар ҳақиқатда ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади. Навбатдаги ҳужум қачон амалга ошишини ҳеч ким билмайди...

Полициячи

Полиция ходими мураккаб вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўймай иложи йўқ, чунки унинг тўғридан-тўғри вазифаси — тинч аҳолини ҳимоя қилиш. Шимолий Американинг кўп мамлакатларида қайноқ нуқталардаги аскарлардан кўпроқ полициячилар ҳалок бўлади.

Ўрмончи

Оғир ва кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган иш. Ўрмончилар деярли ҳамма нарсани назорат қилиб бўлмайдиган қалин дарахтзорларда меҳнат қилишларига тўғри келади. Болта ва арра билан ишлаш хавфли, дарахтни назоратдан чиқариш ҳам хавфли, умуман ҳар куни хавф остида ишлаш жуда қийин.

Қутқарувчи

Бу соҳа вакиллари бировнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйишади. Энг қийини, соҳил  бўйида ишлайдиганларга: статистикага кўра, қутқарувчиларнинг аксарият қисми айнан денгизда ҳалок бўлар экан.

Нефть қудуқларини бурғиловчи

Бу иш учун жуда яхши ҳақ тўланади, шунинг учун кўпчилик унинг қанчалик хавфли бўлиши мумкинлигини унутади. Бурғиловчилар ҳар куни ёнувчан ва жуда заҳарли моддалар билан курашишига тўғри келади - бу эса катта хавф дегани.

 

 

 

Top