11:50 / 07.12.2017
8911

Фирибгарлар қўлга олинди

Мажбурий ижро бюросининг Булунғур туман бўлимига “Оқтепа-митан” қишлоғида яшовчи фуқаро Суҳроб Жўраев мурожаат қилади. У ўз мурожаатида туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари Мансур Қодиров ва Шавкат Қаюмовлар ундан ўтган йилнинг ёз ойларида электр энергиясидан мавжуд бўлган 540 минг сўм қарздорликни ва янги электр ҳисоблагични ўрнатиб бериш эвазига 700 минг сўм олиб, ҳозирги кунга қадар пулларни қайтармай, янги электр ҳисоблагични ўрнатиб бермаётганлигини баён этган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Шу йилнинг 6 август куни Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва Булунғур туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари Мансур Қодиров ва Шавкат Қаюмовлар фирибгарлик йўли билан қўлга киритган 700 минг сўм пулнинг 150 минг сўмини фуқаро Суҳроб Жўраевга қайтариб бераётган вақтда қўлга олинган. Шунингдек, уларнинг машинасидан 19 дона электр ҳисоблагич ускуналари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мажбурий ижро бюроси Булунғур тумани ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки суриштирув ишлари натижасида фуқаро Мансур Қодиров ва Шавкат Қаюмовлар ўз айбларига иқрор бўлиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган 700 минг сўмдан қолган 550 минг сўмини ўз ихтиёри билан тақдим этган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим кимсалар ўзини Мажбурий ижро бюроси ходими сифатида таништириб, фирибгарлик йўли билан одамларни чув туширмоқдалар. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам хонадонига келган Бюро ходими билан фақатгина хизмат гувоҳномасини кўрсатгандан сўнггина суҳбатлашиб, энергия ресурсларининг ҳисоблагичларини текширишга йўл қўйиши, бирор ноқонуний ҳолатни сезгач, бюронинг туман-шаҳар бўлимларига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларга мурожаат қилишлари лозим. 

Top