09:25 / 07.12.2017
44022

Тошкент вилоятида қизни боғич билан ўлдиришда гумон қилинаётган шахс ушланди

Фото: KUN.UZ

Тошкент вилояти ИИБ томонидан олиб борилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятнинг Ўрта Чирчиқ туманида содир этилган даҳшатли қотиллик фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИБдаги KUN.UZ манбаси маълум қилди. 

Маълум бўлишича, 1998 йилда Хоразм вилоятида туғилган Д.А. исм-шарифли қизнинг мурдаси шу йилнинг 19 ноябрида Ўрта Чирчиқ тумани Қорасув ҳудудидаги ариқ ичидан топилган. Суд-экспертиза таҳлиллари қиз боғич билан бўғиб ўлдирилганини кўрсатган.

Шундан сўнг, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари натижасида қотилликда гумон қилинаётган шахс аниқланиб, ушланган. У 1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган ва киракашлик билан шуғулланувчи Х.А. экани маълум бўлган. 

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси, яъни қасддан одам ўлдириш жинояти аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ишларини вилоят прокуратураси олиб бормоқда. Қотилликда гумондорнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. 

Top