09:05 / 07.12.2017
13987

Ўзбекистонлик штангачилар илк бор жаҳон чемпионатининг етакчи учлигидан жой олишди  

Фото: Nuz.uz

АҚШнинг Анаҳайм шаҳрида оғир атлетика бўйича 28 ноябрдан 5 декабргача ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муносиб қатнашиб, 5 та медални қўлга киритди.  

Ўзбекистонлик штангачилар битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритдилар. Олтин медалга даст кўтаришда 179 килограммлик штангани кўтара олган Достон Ёқубов (69 кг вазн тоифаси) сазовор бўлди. 

Кумуш медалларни Фарҳодбек Собиров (94 кг) ва Иван Ефремов (105 кг) қўлга киритдилар. Мусобақанинг энг ёш иштирокчиларидан бўлган 20 ёшли Фарҳодбек даст кўтаришда 183 килограммлик штангани кўтара олди. Иван эса даст кўтаришда 182 килограммлик натижа кўрсатди. У, шунингдек, икки кураш натижасига кўра (даст кўтаришда 182 кг ва силтаб кўтаришда 217 кг) бронза медали соҳиби бўлди. 

Ўзбекистон терма жамоасига яна битта бронза медални Адҳамжон Эргашев келтирди. 62 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчимиз даст кўтаришда 135 килограммлик натижа учун бронза медали билан тақдирланди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси 3-ўринни эгаллади ва мамлакатимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионати етакчи учлигидан жой олди. 

Биринчи иккита ўрин Эрон ва Кореяга насиб қилди. Мусобақада 72 давлатдан 400 га яқин спортчи кураш олиб борди.

Top