08:27 / 08.12.2017
22089

Ветеринария хизмати ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тўғрисида қарор эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 июндаги ПҚ-3026-сон қарорининг ижросини таъминлаш, шунингдек давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

1. Қуйидагилар:

Хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида ишлаётган ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш шартлари ва тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев ва Давлат ветеринария қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Т. Норқобилов зиммасига юкланди.

Хавфли ва зарарли меҳнат шароитларида ишлаётган давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш шартлари ва тартиби тўғрисидаги низомга кўра, давлат ветеринария хизмати ходимлари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш уларнинг лавозим маошига қўшимча устама (фоиз миқдорида) тўлаш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидаги давлат ветеринария хизмати ходимларининг лавозим маошига (тариф ставкасига) 12 фоизли устамалар белгиланади:

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари, туман (шаҳар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари. лаборатория (ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари) мудирлари. ветеринария врачлари. ветеринария фельдшерлари (техниклар). ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари. омборхона (дорихона) мудирлари ва мутахассислари;

Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг илмий ходимлари. лабораториялари мудирлари, ветеринария врачлари, ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари, омборхона (дорихона) мудирлари ва мутахассислари;

Ветеринария дори воситалари. озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий маркази директори ва унинг ўринбосари; ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни стандартлаш ва сертификатлаш бўлими мудири. ветеринария врачлари, ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари;

туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, ветеринария фаолиятини мувофиқлаштириш ва давлат назорати бўйича мутахассислар, ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича мутахассислар. ветеринария участка мудирлари. ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари мудирлари, ветеринария врачлари. ветеринария фельдшерлари (техниклар). ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари. омборхона (дорихона) мудирлари ва мутахассислари;

касаллик юқтирилмаган ҳайвонлар учун (синов лаборатория ҳайвонлари етиштирувчи) виварий мудирлари, ветеринария врачлари, ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари;

Давлат чегараси ва транспортдаги давлат ветеринария назорати бошқармаси ветеринария пунктлари ветеринария фельдшерлари (дезинфекторлар), ветеринария-санитария участкалари ветеринария врачлари, ветеринария фельдшерлари (дезинфекторлар). ветеринария санитарлари;

давлат ветеринария хизмати муассасалари махсус автомобиль ҳайдовчилари.

Қуйидаги давлат ветеринария хизмати ходимларининг лавозим маошига (тариф ставкасига) 24 фоизли устамалар белгиланади:

Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари, туман (шаҳар) ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари микробиология, вирусология, микология, паразитология, бактериология, серология, таксикология лабораториялари мудирлари, ветеринария врачлари, ветеринария фельдшерлари (техниклари) ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари;

Ветеринария дори воситалари, озуқабоп қўшимчалар сифати ва муомаласи назорати бўйича давлат илмий марказидаги микроорганизм штаммларини назорат қилиш бўлими, ветеринария дори воситаларини ва озиқабоп қўшимчаларини апробация қилиш бўлими. ветеринария дори воситалари ва озиқабоп қўшимчаларининг сифати ва муомаласи давлат назорати бўлими мудирлари. ветеринария врачлари. ветеринария фельдшерлари (техниклар) ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари;

Ветеринария илмий-тадқиқот институти гельминтология, протозоология, гелминтозооноз, патанатомия, вирусология. бруцеллёз ва туберкулёз лабораторияси мудирлари, ветеринария врачлари, ветеринария фельдшерлари (техниклар), ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари;

касалликларнинг жонли қўзғатувчилари юқтирилган ҳайвонлар билан ишлаш (синов-лаборатория ҳайвонлари етиштирувчи) виварий ҳамда рентген кабинетларида ишлайдиган бўлим мудирлари. ветеринария врачлари. ветеринария лаборантлари ва ветеринария санитарлари.

Давлат ветеринария хизмати ходимига у ишлаётган меҳнат шароитининг зарарлилигидан келиб чиқиб. тўланиши лозим бўлган устамаларнинг (12 ёки 24 фоизли) ҳар иккаласи хам тўғри келган ҳолатларда. унинг лавозим маошига 24 фоизли устама белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисидаги низомга кўра эса, ходимларга иш ҳақи миқдори Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги. Молия вазирлиги билан келишган ҳамда Давлат ветеринария қўмитаси томонидан тасдиқланадиган намунавий тариф разрядларидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ходимларни моддий рағбатлантириш мақсадида уларнинг ойлик маошига қўшимча тарзда:

ходимнинг соҳадаги кўп йиллик хизматлари учун қатъий белгиланган лавозим маошига устама;

ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ижросини назорат қилиш юзасидан ветеринария инспекторларининг хизмат вазифаларига кўра доимий яшаш жойидан бошқа жойда бўлганлиги учун ойлик маошига қўшимча компенсация тўлови;

ойлик, чораклик, йил якуни бўйича ҳамда байрам кунлари учун мукофотлар;

ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам;

ходимларнинг ҳаётини суғурта қилиш ёки бошқа турдаги тўловлар белгиланади.

Ходимнинг соҳадаги кўп йиллик хизматлари учун қатъий белгиланган лавозим маошига устамалар ҳар ойда тариф сеткаси ва штат жадвалига мувофиқ ҳолда қуйидаги миқдорда тўланади:

3 йилдан 5 йилгача - 5 фоиз;
5 йилдан 10 йилгача - 10 фоиз;
10 йилдан 15 йилгача - 15 фоиз;
15 йилдан 20 йилгача - 20 фоиз;
20 йилдан 25 йилгача - 25 фоиз;
25 йилдан ортиқ - 30 фоиз.

Иш кўрсаткичлари бажарилишига қараб ой ва чорак якуни бўйича ходимлар ойлик иш ҳақининг бир бараваригача миқдорда, йил якуни бўйича ходимлар ойлик иш ҳақининг уч бараваригача миқдорда мукофотлар берилади. Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни. Конституцияси куни, Янги йил, Наврўз ва Ҳайит байрамлари учун ходимлар ойлик иш ҳақининг бир бараваригача миқдорда рағбатлантирилади.

Ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда (жамоа шартномасига мувофиқ) йўл транспорти учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваригача ҳамда ходимларнинг тушлик овқатланиши харажатларига кўмаклашиш мақсадида энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваригача тўловлар амалга оширилади.

Ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун ҳар йили бир марта энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваригача миқдорда тўлов ташкилотлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қуйидагилар ходимларни рағбатлантиришни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг Ветеринария хизматини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Давлат ветеринария қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотларни ривожлантириш жамғармалари маблағлари (пулли ветеринария хизмати кўрсатишдан, вақтинча фойдаланилмаган мол-мулкни ижарага беришдан тушумлар. беғараз олинган ёрдамлар ва қонунда тақиқланмаган бошқа тушумлар);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Top