18:00 / 10.12.2017
11401

Моуриньо ва Гвардиоланинг янги тўқнашуви. Йил ўйини олдидан

Бу ҳафтадаги Европанинг энг марказий ўйини Манчестер дербисидир. Яна бир неча соатлардан сўнг бошланадиган ўйин Англияда кўп масалаларга ойдинлик киритиб бериши мумкин. Tribuna.Uz узоқ ўтмишга бориб тақаладиган дербининг 175-марта ўтказиладиган бу сафарги тўқнашувга батафсил тўхталди.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД - МАНЧЕСТЕР СИТИ

Бошланиш вақти: 10 декабрь, 21:30
Трансляция: Futbol TV, Матч ТВ, Матч! Футбол 1
Бош ҳакам: Майкл Оливер
Ёрдамчи ҳакамлар: Скотт Леджер, Симон Беннет
Тўртинчи ҳакам: Жонатан Мосс

Фото: Getty Images

Бугунги учрашув мезбонлар ҳозирда қўшниларидан 8 очко ортда қолмоқда ва фақат ғалаба қозониш орқали Моуриньо Англия Премьер Лигасига интригани қайтариши мумкин.

Ўтган йили «Олд Траффорд»да бўлиб ўтган ўйинда «Сити» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўша ўйиндан буён «Манчестер Юнайтед» бу стадионда 40 ўйин ўтказди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, клуб рекордини қайд этди. Айнан «Сити» билан ўзаро ўйинларда ҳам Моуриньо паллани ўз томонига оғдира олди. Англия Лига кубоги учрашувида 1:0 ҳисобида ғалаба, кейин «Этиҳад»даги ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг, ёзда АҚШ ташкил қилинган ўртоқлик ўйинида эса, «иблислар» 2:0 ҳисобида устун келганди.

Ҳафта ўртасидаги ЕЧЛ ўйинида «Юнайтед» ортиқча уринмай ЦСКА устидан ўз майдонида ғалаба қозонган бўлса, «Манчестер Сити» бир кун кейин, сафарда, Украинада тўп суришига тўғри келди. Бу ўйинда Гвардиола таркибда бир қатор ўзгаришлар қилган бўлса-да, деярли асосий таркиб Украинага борди, бу ҳам дерби ўйинида «Манчестер Сити»га халақит бериши мумкин.

Ўзаро учрашувлар тарихи

Фото: Getty Images

Юқорида айтиб ўтганимиздек бу икки жамоанинг ўзаро 175-тўқнашуви бўлади. Шу кунгача бўлиб ўтган 174 тўқнашувнинг 72тасида «Манчестер Юнайтед»нинг қўли баланд келган бўлса, 50 учрашувда «Манчестер Сити» ғалаба қозонган. 52 учрашувда дуранг натижа қайд этилган.

Англия премьер-лигаси ташкил қилинганидан буён бу икки жамоа роппа-роса 40 марта ўзаро ҳисоб-китоб қилишган. 20та учрашувда «Манчестер Юнайтед» ғалаба қозонган бўлса, 12 учрашувда «Манчестер Сити» жамоасининг қўли баланд келган. 8 учрашувда дуранг қайд этилган. «Сити»нинг 12 ғалабасидан бештаси айнан «Олд Траффорд»да қайд этилган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар

«Манчестер Сити»га қарши Премьер-лига доирасидаги кетма-кет тўртта мағлубиятдан сўнг «Манчестер Юнайтед» сўнгги бешта учрашувдан фақат биттасида «Сити»га ютқазди.

Ҳеч бир Премьер-лига вакили «Олд Траффорд»да «Манчестер Сити»чалик кўп гол (27та «Челси» билан тенг), шунингдек «Челси» ғалабалар сони бўйича (6та ғалаба) «Сити»дан яхшироқ (5 ғалаба) кўрсаткичга эга ягона жамоа саналади.

«Юнайтед» ўз уйида Премьер-лигада энг узоқ вақтдан буён (24 учрашув — 14 ғалаба, 10 дуранг) ютқазмай келмоқда. Сўнгги марта жамоа «Олд Траффорд»да айнан «Манчестер Сити»га (2016 йил сентябрь) мағлубиятга учраган.

Фото: Getty Images

Агар Пеп Гвардиола шогирдлари бу учрашувда ғалаба қозонса, жамоа кетма-кет 14 ғалабасини қўлга киритади ва 2002 йилнинг августидан 2003 февралигача «Арсенал» эришган натижани такрорлаган бўлади.

«Юнайтед» ушбу мавсумда ўз майдонида 100 фоизлик натижа қайд этмоқда, «Манчестер Сити» эса, аксинча, сафар ўйинларида ҳали очко йўқотгани йўқ. Демак бу сериялардан ҳам қайсидир бири якшанба куни поёнига етади.

Йўқотишлар

Манчестер Юнайтед» таркибида Майкл Кэррик ва Эрик Байи жароҳати сабаб, Поль Погба дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Златан Ибраҳимович, Неманья Матич ва Фил Жонснинг иштироки сўроқ остида қолмоқда.

«Манчестер Сити» таркибида Бенжамен Менди ва Жон Стоунз жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Фабиан Дельф ва Винсан Компанининг иштироки сўроқ остида турибди.

Тахминий таркиблар

«Манчестер Юнайтед»: Де Хеа; Смоллинг, Жонс, Рохо, Валенсия, Янг; Феллайни, Матич, Лингард, Марсиял; Лукаку.
«Манчестер Сити»: Эдерсон; Уолкер, Отаменди, Компани, Дельф; Фернандиньо, Де Брюйне, Давид Сильва; Стерлинг, Сане, Агуэро.

Top