11:30 / 10.12.2017
11614

Тошкент шаҳрида 11 ойда 2 мингга яқин қидирувда бўлганлар ушланди

2017 йилнинг 11 ойи давомида Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий хизматлари томонидан 957 та жиноят “изи совумасдан” фош этилди. Бу ҳақда ШИИББ матбуот хизмати раҳбари Азизжон Тешабоев матбуот брифингида маълум қилди, деб хабар қилмоқда тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири. 

Фото: Азизжон Тешабоев/Kun.uz

“Содир этилган жиноят учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида 11 ой давомида 957 та, декабрь ойи давомида 19 та, шу жумладан 520 та ўғирлик, 224 та фирибгарлик, 20 та оғир тан жароҳати етказиш, 21 та қотиллик, 34 та босқинчилик, 50 та талончилик, 24 та безорилик, 18 та автомашиналарни олиб қочиш ва 46 та бошқа жиноятлар фош этилди”, - деди Тешабоев. 

Унинг қайд этишича, бугунги кунда пойтахт шаҳар ҳудудида жиноятлар сони шу йилнинг 11 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайишига эришилган. 

“Тошкент шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган жиноятлар 12302 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2181 тага, яъни 15 фоизга камайганлигини (2016 йил 11 ойида 14483 та қайд этилган) алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 2016 йилнинг 9 ойи давомида жами 331 та, ноябрь ойининг ўзида 331 та фирибгарлик жинояти қайд этилган бўлиб, жорий йилнинг ноябрь ойида 158 та фирибгарлик рўйхатга олинган. Бу турдаги жиноят икки баробар, яъни 173 тага камайишига эришилган. Бундан ташқари, йил бошидан 1 956 нафар, ой давомида 36 нафар қидирувда бўлган жиноятчилар ушланди”, - дея маълум қилди ШИИББ расмий вакили. 

Top