08:00 / 10.12.2017
12603

Windows учун аниқлаб бўлмайдиган вирус дастури яратилди

Фото: Globallookpress.com

EnSilo компанияси ходимлари компьютер хавфсизлиги бўйича Black Hat Europe 2017 
анжуманида барча антивирус дастурларини четлаб ўтишга имкон берувчи янги усулни тақдим қилди. Бу ҳақда Techspot нашри хабар бермоқда. 

Бу усулда антивирус дастурлари компьютер ҳужумга учраётганини аниқлай олмайди. Дастур коди дискда сақланмайди, у доимий равишда тезкор хотирада сақланади.

Process Doppelganging деб аталган дастур қуйидагича ишлайди: у ишга туширилган дастур кодини вирус дастури кодига алмаштириб қўяди. Таъкидланишича, бу вирус ёрдамида браузернинг ойналарини сохтасига алмаштириб, фойдаланувчиларнинг паролларини ўғирлаш мумкин.

Вирус муаллифларининг айтишларича, дастур Windows 7 SP1, Windows 8 ва Windows 10 операцион тизимларида ишлай олади.

Декабрь бошида интернет бўйича анжуманда антивирус дастурларини ишлаб чиқарувчи “Лаборатория Касперского” компанияси раҳбари Евгений Касперский 2017 йилда 90 млн та янги вирус дастури яратилганини маълум қилганди. Унинг таъкидлашича, ҳар куни тахминан 300 мингга яқин янги вирус дастури қайд қилинади.

Top