16:34 / 11.12.2017
9369

Қирғизистон «Франс Пресс» журналистини депортация қилиб юборди

Фото: АКИpress

«Франс Пресс» агентлиги журналисти Крис Риклтон Қирғизистондан депортация қилинди. Бу маълумотни унинг ҳамкасби Тулқун Наматбоева тасдиқлаган.

Унинг сўзларига кўра, журналистни 10 декабрь куни эрталаб ҳеч қандай сабабларни аниқ кўрсатмаган ҳолда депортация қилиб юборишган.

«Уни кеча эрталаб депортация қилиб юборишди, сабабларни очиқлашдан бош тортишди. Ҳозирда у Дубай аэропортида қолмоқда. У агентлик, раҳбарият ва элчихонани бу ҳақда дарҳол хабардор этди. Менинг ўйлашимча, улар, афтидан, Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига депортация сабабларини очиқлаш бўйича мурожаат билан чиқишди», - дея айтиб ўтган у АКИpress агентлигига изоҳида.

Т.Наматбоеванинг таъкидлашича, К.Риклтон Қирғизистонда 8 йил давомида истиқомат қилиб келган ва унда ҳеч қачон шундай муаммолар юзага келмаган.

Журналистнинг ўзи ижтимоий тармоғидаги саҳифасида президент Сооронбай Жээнбековга мурожаатини эълон қилди, унда у депортация ҳақидаги қарорни бекор қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда узоқ вақт давомида яшаб келди, унинг рафиқаси ва қизи – Қирғизистон фуқаролари.

«Айни дамда мен Манас аэропортида ўтириб, Дубайга депортация қилишларини кутмоқдаман. Мен Бишкекка Коломбодан Дубай орқали 9 декабрь куни эрталаб соат 5 ларда учиб келганимдан сўнг қўлга олиндим. Қўлга олиш учун ҳеч қандай сабаблар йўқ эди. Мен ўз давлатим паспорти эгаларига рухсат берилган 60 кунлик муддатни ўтказиб ҳам юбормадим, бу борада қандайдир қонунбузарлик ҳам содир этмадим», - дея ёзди у.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан хабар беришларича, К.Риклтонга мамлакатга киришга тақиқ қўйилган, сабаби у аввал паспорт-виза режимини бузган.

Top