19:40 / 11.12.2017
42927

Шавкат Мирзиёев Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида Туркия томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот аввалида Туркия президенти Ўзбекистон раҳбарини мамлакатда таркибий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш бўйича қўлга киритилган амалий натижалар билан самимий муборакбод этди.

Ўз навбатида Ўзбекистон президенти мамлакатда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ва юксак тараққиётни таъминлашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолагани учун чуқур миннатдорлик билдирган. 

Мулоқотда давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. 

Савдо-иқтисодий, технологик, молия-сармоявий, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро самарали алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди. 

Президентлар, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашишган.

Top