09:54 / 12.12.2017
52414

«Америка орзуси». АҚШга кўчиб кетмасликка 10 сабаб

Фото: Getty Images

«Хорижда» Telegram-канали муаллифи Қўшма Штатларга кўчиб ўтгандан кейин қандай қийинчиликлар билан тўқнаш келиш мумкинлиги ва улардан ўтиш «қиймати» ҳақида маълумот берди.

Мен ҳар куни ўз Telegram-каналим ўқувчиларидан кўплаб саволлар оламан, уларнинг аксариятида шундай сўзлар бор: «Кўчиб кетиш керакми ёки йўқ?». Бошқа томондан, мен юзлаб америкалик муҳожирлар билан танишман, уларнинг тақдирини кузатдим ва бир неча хулосаларга келдим. Биринчиларга иккинчиларнинг тажрибаси асосида жавоб беришга ҳаракат қилиб кўраман.

Барча муҳожирликни турлича бошидан кечиради: баъзиларда кўчиб ўтиш енгил кечади ва метамфетамин эйфориясини уйғотса, бошқаларда бутун ҳаёти фожиага айланади. Маълум бир инсон учун муҳожирлик қийинчиликлари объектив параметрлар билан белгиланади: инглиз тилини билиш, талабгир мутахассисликка эга бўлиш, молиявий имкониятлар ва легал мақомга эришиш бўйича қулай вариантлар.

Бу параметрларни ўлчаш (сон бўйича) ва баҳолаш (сифат жиҳатидан) мумкин: инглиз тилини билиш даражалари бор, талабга эга мутахассисликлар ҳаммага маълум (дастурчилар, муҳандислар, олимлар, тадбиркорлар, спортчилар ва ҳоказо), молиявий имкониятлар нолларнинг маълум миқдори билан ўлчанади, легал мақомга эришиш вариантлари эса аввалдан тушунарли (оила билан бирлашиш, лотереяни ютиб олиш, олинган ишлаш визаси, инвестициялар орқали грин-карта) ва баъзан анча мураккабдир (фуқароликка эга инсон билан оила қуриш, сиёсий бошпана, АҚШ ҳудудида иш берувчини излаш ҳамда бошқалар).

Бу кўрсаткичлар бўйича исталган муҳожирни «яхши - ёмон» томонга жойлаштириш мумкин ҳамда инсон «ёмон» томонга қанчалик яқин бўлса, Америка орзусининг ўрнига Помпей ҳалокатини қўлга киритиши эҳтимоли шунчалик юқоридир.

Бу мақолада – АҚШга кўчиб кетмаслик бўйича ўнта сабаб келтирилади. Бу агарда сиз йўлнинг энг бошида турган бўлсангиз, жуда фойдали маслаҳатларга айланиши мумкин.

1. Муҳожир комплекси

Муҳожир комплекси – бу маҳаллий аҳолига нисбатан ўзининг «иккинчи тоифали» эканини ҳис қилиш туйғуси бўлиб, ўз кучига тўғри баҳо бериш, иш унумдорлиги ва ҳаттоки соғлиққа таъсир кўрсатади. Комплекс ўзини ўраб турган муҳит билан таққослаш фонида ривожланади: улар тил билади, мен – йўқ; уларда ҳужжатлар бор, менда – йўқ; улар яхши жойларда ишлайди, мен – йўқ; улар катта уйларни сотиб олади, мен биттагина хонани ижарага оламан.

Барча муҳожирлар ҳам бу комплекс билан тўқнаш келмайди, бироқ бунга учрайдиганлар, уни оғир қабул қилади, кўплар эса ҳаётдаги энг мураккаб давр сифатида баҳолашади.

Менинг назариямда айнан муҳожир комплекси кўчиб ўтаётганларда узоқ муддатли тушкунлик – депрессияга сабаб бўлади.

Муҳожирнинг тўртта параметр бўйича (инглиз тили, пуллар, мутахассислик, легал фаолият) позицияси қанчалик кучсиз бўлса, ўзига етарли баҳо бера олмасликнинг ривожланиш эҳтимоли шунчалик юқоридир. Ҳолат унинг пайдо бўлиш сабаблари билан эмас (тилни – ўрганиш, ҳужжатларни – олиш, ишни – топиш, уйга эса – маблағ ишлаб топиш мумкин), балки ўз қадрини билиш ва ўзига ишончнинг йўқолиши билан хавотирли, бу инсоннинг муваффақиятларга эришиш имконини деярли йўққа чиқаради.

2. Ижтимоий дауншифтинг

Агарда банк ҳисоб рақами олти сонли рақам билан хурсанд қилмаса, мутахассислик эса АҚШга иш бўйича таклиф қилиш эҳтимолини йўққа чиқарса, биринчи вақтларда жуда кўп ва ўзингизга ярашмайдиган ишда меҳнат қилишингиз талаб этилади.

АҚШда ҳаёт қиймати юқори, демак икки авлоднинг йиғиб қўйган пулларини тезда – бир неча ой ичида кўкка совуриш эҳтимоли катта. Катта бувангиз томонидан йиғиб қўйилган захирани сарфлаш ниятида эмаслигингиз, бироқ қандайдир йўл билан яшаш кераклиги туфайли, исталган ишга рози бўлишга мажбур бўласиз – бу қора ишлар эса жуда ҳам ақллиларга мўлжалланмаган.

Фото: Boone County Family Resources

Ресторанда деярли барча ишлаши мумкин, бироқ бу оғир ва паст ҳақ тўланувчи ишдир

Пулсиз ва тилни билмай келганлар орасида шундай касблар оммабопки, уларнинг эгалари Forbes сюжетларига камдан-кам киради: қора ишчилар, қурувчилар, официант, фаррош, энага, хостес, юк ташувчи, таксичи ва қоровул. Уларнинг кўпчилиги ўз ватанларида анча нарсаларга эшириб бўлган – танишлар ёрдамида, омад туфайли ёки ишбилармонлик кўникмалари орқали – бироқ улар маълум бир ижтимоий даражани эгаллашган бўлиб, у билан энди хайрлашиш талаб этилади ҳамда Америка жамиятининг энг тубига қараб ҳаракатланиш бошланади. Ҳамма ҳам бунга бардош бера олмайди.

3. Стресс даражаси

Стресс – бу организмнинг муаммоларга табиий реакцияси ҳамда у чекланган миқдорда ҳаттоки фойдали, сабаби фикрларни тиниқлаштиришга ёрдам беради. Бироқ муҳожир доимий равишда тўқнаш келувчи стресс, оддий иш ёки ўқув стрессидан бир неча баробарга кўпроқ.

Иш излаш қийинчиликлари, мослашиш, уй-жой ижараси (бунда сизнинг кредит тарихингиз йўқлиги учун муаммолар пайдо бўлади), ҳисобларни очиш, суғурта олиш ва янги муҳитда ҳаёт кечириш жиддий стресс даражасига олиб келиши мумкин, у клиник нуқтаи назардан хавфлидир. Мен юқори тана ҳарорати ва стресснинг бошқа соматик кўринишлари туфайли оёқда тура олмаган муҳожирларни кўплаб кўрганман, улар шунчаки ҳиссиётларини жиловлай олишмаган.

Фото: Everydayhealth

Бундай «янги одам стреси» иккита вайронакор кучга эга: у нафақат шунчаки ёқимсиз (исталган ўта кучли стресс каби), балки кишига энг масъулиятли паллада, у ижобий кайфиятда ва энергияга тўла бўлиши лозим бўлганида таъсир кўрсатади. Натижада кўчиб ўтиш билан боғлиқ муаммоларни конструктив ва босқичма-босқич ҳал қилиш ўрнига, инсон атрофдагилардан ёпилади ҳамда кўпинча депрессия шаклини олувчи ҳолат билан курашади. Депрессия эса – бу клиник ҳолат бўлиб, у жиддий даволашсиз ҳеч қаерга йўқолмайди.

4. Бахт даражаси

Мен ҳар йили Global Wealth Report от Credit Suisse Research Institute’ни ўқийман. 2017 йил учун ҳисобот шуни кўрсатадики, дунёдаги барча бойликларнинг деярли ярми Шимолий Америка ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Suisse Research Institute

Жаҳон бойликларининг қарийб ярми ва Ер аҳолисининг атиги 5 фоизи Шимолий Америка ҳиссасига тўғри келади

Бироқ бу америкаликлар ва маҳаллий муҳожирлар барчадан бахтли ҳаёт кечиришини англатадими? Ҳар доим ҳам эмас: бойлик билан кўрсатилувчи фаровонлик даражаси стресс ва бошқа ижтимоий муаммолар даражасига камайтирилиши керак, улар моддий ўзига тўқлик билан бир мажмуада юради.

АҚШга кўчиб ўтишда ҳаёт даражасининг ўсиши (агарда муҳожир Швейцария ёки Данияни тарк этмаса, бу, ростини айтганда, жуда камдан кам учрайдиган сценарий) стресс даражасининг ошишини ёпиб кета олмайди. Бахт – субъектив материя бўлиб, унинг кўплаб омилларга боғлиқлиги инобатга олинса, инсон фақат уни воқеа содир бўлиб ўтгандан кейин баҳолаши мумкин. Кўплаб муҳожирлар орадан бироз вақт ўтиб, кўчиб ўтишларидан аввал ҳаётларида бахт кўпроқ бўлганини пайқай бошлайдилар. Энг асосийси шу эмасми?

5. Ижтимоий интеграция ва тил билиш

Сиз қачонлардир ўзингизни кўринмас, ҳаттоки минимал ижтимоий интеракцияга қодир бўлмаган сифатида ҳис қилганмисиз? Агарда ҳали бу рўй бермаган бўлса, инглиз тилини билмайдиган муҳожир оламига марҳамат қилинг.

Тил – бу нафақат ўзаро алоқа усули, балки шахснинг асоси ҳамдир: агарда сиз эркин гаплаша олмасангиз, ўзингизнинг соянгизга айланиб қоласиз. Яқиндагина қандайдир тўй ёки базмда бутун жамоага яхши кайфият бағишлайдиган ҳазилларни бир сония ўйлаб топишингиз мумкин эди, энди эса уч ёшли бола интеллектуал даражасида ва юз йиллик тошбақа эҳтиёткорлиги билан нима хоҳлаётганингизни билдиришга мажбурсиз.

Маслоу эҳтиёжлар пирамидаси

Инглиз тилини билмаслик сизни тўлақонли ижтимоий интеграция имкониятидан маҳрум қилади. Маслоу ёлғон гапирмаган: сизнинг қорнингиз қачон тўйса, соғлом ва ҳимояланган бўлсангиз, сизга муҳаббат ва тан олишлари керак бўла бошлайди, уларни эса янги давлатда қўлга киритиш анча мушкулдир.

6. Легал фаолият олиб бориш

АҚШда легаллашиш – бу нафақат сиз янгиликларда эшитганингиз - қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар, балки муҳожирларга керакли ҳужжатларни олиш муаммоси ҳамдир: ишга жойлашиш, ижтимоий суғурта рақами, резидент карталари ва фуқаролик.

Барчада муҳожирлик имкониятлари турлича: кимдир лотереяда ютиб олади, кимдир ишга таклифни қўлга киритади (ва муҳожирлик визасини), баъзилар эса АҚШ фуқаросига айланиб бўлган қариндоши билан бирлашади. Бундай одамларнинг имконияти чекланган ва улар, одатда, оила қуриш учун одамни қидиришга, сиёсий бошпана сўрашга ёки – буни овоз чиқариб ҳам айтиш қўрқинчли, бироқ мен бунга мажбурман – АҚШда нолегал қолишга мажбурлар.

Кўпларнинг тушига ҳам кириб чиқувчи кўк ҳужжат
Фото: The Boston Globe

Бундай одамлар узоқ муддат маълум бир ҳолатда қолади: баъзиларда ҳужжатларни олиш жараёни 10 йилни талаб қилади. Шу билан бирга, ижобий қарор бўйича кафолатлар йўқ, рад жавобида эса мурожаат этувчи ўз ватанига қайтишга мажбур бўлади, гарчи йиллар давомида янги жойга мослашиб улгурган бўлса-да. Буни фожиадан бошқа сўз билан ифодалаш мумкин эмас: инсон энг қадрли ва чекланган ресурсини йўқотади – умр йилларини.

7. Қайта таълим олиш харажатлари

Мен бутун дунёда универсал бўлган бир неча касбларни биламан: дастурчи, бош ошпаз, таксичи, официант. Бироқ шифокорлар, юристлар ҳамда муҳандислар нима қилиши лозим, уларнинг кўникмалари аниқ бир давлатга, қонунларга, нормага, техникага ва тилга боғланган, ахир?

Улар узоқ ва ҳар доим ҳам арзон бўлмайдиган қайта тайёрланиш жараёнидан ўтишга мажбур бўладилар. У тестдан ўтказиш ва лицензия олиш билан чекланса, бу омаднинг келгани, бироқ баъзи мутахассисларга таълим олишнинг барча жараёнидан ўтиш ҳамда янги билимлар тўпламини ўзлаштириш керак бўлади.

АҚШга кўчиб ўтиш яна партага ўтиришга мажбурлайди
Фото: The American College in Spain

Қайта таълим олиш харажатлари – сиз эгаллаб бўлган касбни янги мамлакатда қўлга киритишга йўналтирилган вақт, пуллар ва кучни беҳуда йўқотишдир. Баъзи одамлар учун бу харажатлар юз минглаб долларга (тасаввур қилинг, масалан, адвокат ёки жарроҳни) тушиши мумкин ва кўчиб ўтиш ҳақида қарор қабул қилишда муҳим омил саналади.

8. Муҳожир пойгаси

Ёши катта инсоннинг ҳаёти – бу нафақат таълим, иш, оила ва ҳордиқ, балки жуда кўплаб «метамаълумотлар»: бизнинг алоқаларимиз, танишлар, оддий муаммоларни ҳал этишнинг муваффақиятли усуллари ҳамда одатлар. Инсон алоқаларга мактаб давридаёқ эга бўла бошлайди, университетда буни давом эттиради ҳамда катта ҳаётга қадам қўйганида ўз атрофини бутунлай шакллантиради.

Муҳожир, агарда қариндошлар томонидан тайёрлаб қўйилган тайёр жой ва «асос»га келмаса, алоқаларни янгидан қидириши лозим.

Қайси клиникага мурожаат қилган маъқул? Қайси тумандан уйни ижарага олиш керак? Яхши юрист ва риелторни қаердан топса бўлади? Қисман бу муаммоларни интернет ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳал қилса бўлади, бироқ инсон жуда кўплаб «метамаълумотлар»дан айрилиб, барибир ўзини анча ҳимояланмаган тарзда ҳис қилади.

9. Қарама-қаршилик ва хавфсизлик

АҚШ фаровон бўлиб кўринса-да – қарама-қаршиликлар ҳамда можароларга тўла мамлакатдир: 325 миллион одам бир ҳудудда яшайди, бироқ турли сиёсий қарашлар, диний вазият, маданий бэкграунд, тери ранги ва этник келиб чиқиш. Америка жамияти гарчи ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида қурилган бўлса-да, кўплаб муаммолар гирдобида қолган, уларнинг баъзилари эса ташқарига ҳам чиқиб туради, жумладан, криминал ва террорчилик хуружлари кўринишида.

2017 йилнинг 1 октябрь куни Лас-Вегасдаги оммавий қотиллик
Фото: Reuters/Steve Marcus

Америкадаги оммавий қотилликлар муаммоси ОАВ мультипликатори эффекти билан жуда ҳаддан ошириб юборилган, бироқ у барибир бор. Биз қотилликлар статистикасини аҳоли сонига тенглаштирганда, Албания, Нигер ва Туркманистон билан бир қатордан жой эгаллаймиз.

АҚШда хавфли, деб бўлмайди. Бироқ, АҚШда хавфсиз эмас, деб айтса бўлади.

10. Ватанни соғиниш

Агарда сиз ватанингиз қадрига етмасангиз, соғинч туйғуси ҳақида фақат китобларда ўқиган бўлсангиз, ҳам биринчи, ҳам иккинчисини синаб кўришнинг энг яхши усули – муҳожирга айланиш. Соғинч турли вақтда пайдо бўлади, бироқ кўпчиликда эртами ёки кеч, барибир рўй беради.

Ватан – бу нафақат дунё харитасидаги ҳудудий бирлик ҳамда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги ёзув, балки ижтимоий-маданий ҳолатларнинг бутунбошли комплекси: инсонлар, товушлар, ҳидлар, жойлар, ҳодисалар, маданият, анъаналар, байрамлар, хотиралар, ҳазиллар, ошхона, муҳаббат, қўрқув, таксичилар, об-ҳаво ва ҳоказо.

Сизнинг ҳаётингиздаги муҳим воқеаларнинг аксарияти – яхшилари ёки ёмонлари – катта эҳтимол билан, ватанга боғланган.

Кўплар Америкага кўчиб ўтгандан сўнг асл маданиятга алоқадорлигини рад эта бошлайди, бироқ бу ўша маданиятга уларнинг ичида сақланиб қолиш ва вақти-вақти билан енгил соғинч кўринишида ўзини билдириб туришига халақит бермайди.

АҚШга кўчиб ўтиш, эҳтимол, ҳаётингиздаги энг жиддий қарордир. У тўғри бўлиб чиқиши учун эса, фантастик хаёллардан холи бўлиши керак. Ҳақиқий реаллик билан тўқнаш келиб, ўзингизни йўқотиб қўйманг, яна.

Top