01:15 / 12.12.2017
61288

Давлатлар номи қандай келиб чиққан?

Фото: Fotolia

Давлат номи унинг аҳолисига фахр туйғусини сингдиради. Етакчилар ўз нутқларида улардан фойдаланишади. Бироқ биз ўз исмимизни ўзимиз танлай олмаганимиз каби миллатлар ҳам ўз номини мерос қилиб олган.

Олимларнинг тадқиқотларига мувофиқ, мамлакат номларининг аксарияти тўрт тоифага бўлинади:

  • географик жойлашув;
  • маҳаллий ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари;
  • этник гуруҳ номи;
  • тарихий арбоб номи.

Бундан ташқари, тадқиқотларнинг кўрсатишича, мамлакатлар ўз номларини деярли ҳеч қачон халқ орасида овозга қўйиш орқали олишмайди. Шу боис уларнинг тузилмаси камдан-кам ҳолатларда одамлар истаган миллий сифатлар билан белгиланади. Масалан, эркинлик, куч-қудрат ёки адолат.

Топонимика, географик номларни ўрганиш

"Америка" ёки "Папуа-Янги Гвинея" деганда аслида нима ҳақида гапираётганимизни аниқлаш учун Quartz портали ажойиб топонимик маълумотнома — Жон Эверетт-Хитнинг "Жаҳон географик номлари бўйича Оксфорд қисқа луғати"га мурожаат қилди. Давлатларни сиёсий тузилмаларига кўра тоифалаб чиқиш учун тан олинган 195 мамлакатнинг барчаси ҳақида битталаб маълумот тўпланди. Шу билан бирга, эндонимлар + мамлакатларнинг ўзи ўзига берувчи ва умумқабул қилинган номлардан фарқланувчи номлар ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Масалан, Хитой ўрнига Чжунго, Финляндия ўрнига Суоми ва ҳ.к. Агар мамлакат ўз таркибида мавжуд жой шарафига номланган бўлса - масалан, Чад давлати - Чад кўли номидан келиб чиққан ёки Жазоир ўз таркибидаги шаҳар Жазоир номидан келиб чиққан — дастлабки ном этимологиясини тадқиқ қилиш учун имкон қадар ҳаракат қилинди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, исм ва номларнинг келиб чиқишида кўпинча чалкашликлар бўлади, шунинг учун бу масалада мутлақ аниқлик бўлиши қийин. Баъзан энг қизиқ ва жалб қилувчи тарихлар шунчаки тўқима бўлади. "Халқ этимологиясидан (номларнинг келиб чиқишини уларнинг жаранги ёки орфографияси жиҳатидан ўхшашлиги билан изоҳлашга бўлган ҳаракатлар) огоҳ бўлинг", - деб ёзади Жон Эверетт-Хит. — "Афсоналар кўпинча манфаатни, камдан-кам ҳолатларда эса — қадр-қимматни кўзлайди".

Quartz портали дунё мамлакатлари номлари келиб чиқишини 4 тоифага ажратди.

I. Қабилалар, қиролликлар, этник гуруҳлар

Шубҳасиз, дунё мамлакатларининг замонавий номлари (аниқроғи, учдан бири) бирор қадимий инсонлар гуруҳидан олинган. Бунга яққол мисол сифатида Европани келтириш мумкин. Франция номи франклар, Италия номи - виталлардан, Швейцария номи - Швиц кантонидан келиб чиққан. "Тэхан мин­гук" — бу Жанубий Кореянинг корейсча номи. "Тэхан" - "Буюк хон" деган маънони билдиради ва эрамиздан аввалги II асргача Корея ярим оролида яшаган хонларнинг уч қабиласидан келиб чиққан. Вьетнам вьетларнинг жанубий қабиласини билдиради.

Ўтган юз йилликда дунёнинг баъзи мамлакатлари ўз илдизларига қайтишга ҳаракат қилди: 1957 йилда Голд-Кост инглизлардан мустақил бўлган ва XIII асрда парчаланган Гану қадимий империяси номига қайта номланган.

Баъзи мамлакатлар номлари уларни бошқа одамлардан ажратиб турувчи белгилардан келиб чиққан: 1984 йилда пайдо бўлган Буркина-Фасо "ростгўй одамлар маскани" маъносини англатади. Эҳтимол, Гвинея ва унинг "қариндошлари" — Гви­нея-Би­сау, Па­пуа-Янги Гви­нея, Эк­ва­то­ри­ал Гви­нея — туарегларнинг aginaw ("қора одамлар") сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Олимларнинг тахминларига кўра, Папуа-Янги Гвинея ўз номида Меланезияда туғилган одамларни тасвирлайди. "Папуа" - "жилвакор сочлар" маъносини билдиради. "Гвинея" сўзини эса испаниялик тадқиқотчи Иниго Ортис де Ритис тақдим этган. У маҳаллий аҳолини Африка Гвинеясида яшовчи одамларга ўхшатган.

Манба: Quartz

II. Ҳудуднинг хусусиятлари

Дунё мамлакатлари номларининг чорак қисми ўша жойнинг ҳудудий белгиларидан келиб чиққан.

Жазоир ўз пойтахти - Жазоир шаҳри шарафига номланган бўлиб, у "саҳролар" деган маънони англатади. Чер­но­го­рия эндоними Crna Gora "қора тоғ" дея таржима қилиниб, мамлакат жануби-ғарбидаги Ловчен тоғига ишора қилади. Исландия ҳақиқатда музликлар билан қопланган (ice — «муз» ва land — «ер»), бироқ тарихий жиҳатдан бу тўғри эмас. Эверетт-Хит ўз луғатида бунга аниқлик киритади:

"Мамлакат тахминан IX асрда илк скандинавиялик кўчманчилар томонидан Исландия деб номланган. Оролда нисбатан ўртача йиллик ҳарорат кузатилишига қарамай, улар шу тариқа эҳтимолий босқинчилардан ҳимояланишган".

Коста-Рикага қайси тадқиқотчи ном бергани номаълум, лекин бу маҳаллий аҳолининг олтин ташиётганини кўриб, унинг импорт қилинганини билмаган Хри­сто­фор Ко­лумб эканлигига доир тахмин бор. Испанияликлар Гондурасга "чуқурлик" ёки "чуқур сувлар" сўзлари маъносидан келиб чиқиб ном беришган. Барбадос эса - узун илдизли дарахтга ишора қилиб, "соқоллилар" ери маъносини билдиради.

Сьер­ра-Леонега португалияликлар томонидан ном берилган бўлиб, "арслон тоғлар" маъносига ишора қилади - ҳақиқий шерлар эмас, Фритаун тепаликлари узра кўп кузатилувчи момақалдироқлар туфайли шундай номланган. Сингапур "арслон шаҳри" маъносини англатади, арслон боши у ерда - миллий рамз. Шуниси қизиқки, Сингапурда арслонлар йўқ. Афсоналарга кўра, Суматра шаҳзодаси Санг Нила Утама Сингапурда овга чиқиб, қандайдир йиртқичга дуч келган ва уни шер (singa) деб ўйлаган - орол номи шу тариқа келиб чиққан.

Манба: Quartz

III. Жойлашув

Тахминан 25 мамлакат ўзининг географик жойлашувига кўра номланган. Хитой (Zhōngguó) - "ўрта қироллик", Япония эндоними Nippon эса - "кунчиқар мамлакат" маъноларини беради. Бу ерда мантиқ шундаки, Япония Хитойнинг шарқида, хитойликларнинг нуқтаи назарида қуёш чиқувчи йўналишда жойлашган. Нор­ве­гия — "шимолий йўналиш".

Ти­мор-Ле­сте "шарқий шарқ" маъносини билдиради. Ном Timur сўзидан келиб чиққан, Timur — малайчасига "шарқ" дегани. Эверетт-Хитга кўра, Тимор Ява ва Суматра шарқида жойлашган, leste — португалчасига "шарқ". Ав­стра­лия "жанубий" маъносини англатади, зеро мамлакат жанубий ярим шарда жойлашган ва қадимий юнонлар уни Terra Australis Incognita - "Номаълум жанубий ер" деб аташган.

IV. Тарихий шахслар

Яна тахминан 25 мамлакат бирор бир муҳим тарихий шахс шарафига номланган - деярли барча ҳолатларда эркаклар номига, бироқ истиснолар бор. Тилшунос-блогер Пол Энтони Жонсга кўра, Сент-Люсия III асрда яшаган аёл шарафига номланган.

Баъзи мамлакат номларининг келиб чиқиши осон: Филиппин — XVI асрда яшаб ўтган Испания қироли Фи­лип­п II, Боливия эса венесуэлалик инқилобчи Симон Боливар шарафига номланган. Мав­ри­кий XVI асрда яшаган нидерландиялик амалдор Морис Нассау шарафига қўйилган.

Америка Қўшма Штатлари ўз номини флоренциялик сайёҳ Америго Веспучи исмидан келиб чиқиб олган. У 1400-йиллар охирида европаликлар томонидан очилган қитъа Ҳиндистон эмаслигини англаб етган. 1507 йилда картограф Мар­тин Вальд­зе­е­мюл­лер бу ерларни - у вақтлар Жанубий Америкадан келиб чиқиб, "илк кашфиётчи Америго шарафига Америка ери ёки Америка" деб номлашни таклиф қилди.

Колумб, афтидан, бирйўла саккиз мамлакатда из қолдирган. Маълумотларга кўра, Сент-Китс (Китс- Кристофер/Христофордан қисқартма), Невис, Сент-Люсия, Сент-Винсент ва Гренадин (насроний авлиёлари) номларининг муаллифлиги унга тегишли ҳисобланади. Шу билан бирга, Колумб Ан­ти­гуа ва Бар­бу­дуни Сан­та-Ма­рия-де-ла-Ан­ти­гуа ва Три­ни­дад черкови (Тринидад ва Тобаго таркибида) — Муқаддас Учлик шарафига номлаган.

Ўз навбатида, Колумбия Колумб шарафига номланган, бироқ ўзи томонидан эмас.

Фото: Fotolia

Чиройли истиснолар

Номларининг келиб чиқиши кўп баҳсларга сабаб бўлувчи тахминан 20 сирли мамлакат мавжуд. Мальта ҳам "бошпана", ҳам "асаларилар" маъносини билдириши мумкин. Непал учун кўп вариантлар тақдим этилган, уларнинг бирортаси ишончли эмас: "янги даврнинг бошланиши", "марказий мамлакат", "муқаддас жой" ва ҳ.к. Сурия ва Палау номлари тарихи ҳақида эса деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Баъзи мамлакатлар асосий тоифаларнинг ҳеч бирига кирмайди. Масалан, Шарқий Африка қирғоқларидаги митти Комор ороллари араб тилидаги "ал-қамар" сўзидан олинган бўлиб, "ой" маъносини билдириши тахмин қилинади. Мексика ҳам "ойча" илдизларга эга: Metztlixihtlico ("Ой ўртаси") шаҳри номини талаффуз қила олмаган испанлар уни Мексика шаклига соддалаштиришган.

Бутаннинг иккинчи номи Друк-Юл, олимларнинг тахминларига кўра, "даҳшатли аждар мамлакати" маъносини англатади, Либерия эса — "эркин ерлар".

Энг ажойиб ном — Австралия шимоли-шарқида жойлашган Науруда. У anáoero сўзидан келиб чиққан бўлиб, "Мен пляжга кетяпман" деган маънони билдиради.

Top