08:46 / 13.12.2017
5128

АҚШ БМТ бюджетини 250 млн долларга қисқартиришни талаб қилмоқда

Фото: United News

АҚШ ҳукумати 2018-2019 йиллар учун БМТ бюджетининг 250 млн долларга қисқартирилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Agence France Presse ахборот агентлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, АҚШ таклиф қилаётган қисқартиришлар БМТнинг Фаластин, Ливия ва Афғонистондаги миссияларига тааллуқли бўлиши, ташкилотнинг тараққиёт дастури ва янги ходимларни ёллашининг тўхташига ҳамда ходимлар маошларининг қисқаришига олиб келиши мумкин. БМТ вакиллари АҚШнинг бу таклифига молиялаштиришнинг 170 млн долларга қисқартирилишига тайёр эканлигини билдиришган.

БМТнинг 2018-2019 йиллар учун бюджетини йилнинг охиригача тасдиқлаш режалаштирилган. Маълум қилинишича, БМТ ўз эҳтиёжлари учун 5,4 млрд доллар, яъни 2016-2017 йиллар бюджетидан 200 млн доллар камроқ сўрамоқда.

БМТнинг бюджети унга аъзо давлатлар бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Ҳар бир давлатнинг қўшадиган улуши 10 йиллик давр учун унинг ялпи ички маҳсулоти ва ташқи қарз кўрсаткичларидан келиб чиқиб белгиланади. Бугунги кунда БМТнинг энг йирик ҳомийси АҚШ ҳисобланиб, у ташкилотнинг 20 фоиздан кўпроқ харажатларини қоплайди.

Top