22:40 / 13.12.2017
24200

«Мен ҳам шундай йўлдан ўтганман». Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари нималар дейишди?

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков ўртасидаги музокаралардан кейин ҳужжатларни имзолаш маросими ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув ўтказилди. Бу жараён маҳаллий телевидение орқали жонли намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооранбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор самимий қутлаб, бугунги музокаралар Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. Президент 2017 йил икки давлат муносабатларида тарихий йилга айланганини қайд этди.

«Кейинги 6 йилда Алмазбек Атамбоев жуда кўплаб ислоҳотларни амалга оширди. Қирғизистоннинг бугунги йўлини бутун халқ қўллаб-қувватламоқда. Қирғизистондаги сайловлар бутун дунёга ҳокимиятнинг демократик йўл билан топширилишига намуна бўлди. Биз Қирғизистон халқи тўғри йўлни танлаганидан мамнунмиз. Қайсики, Алмазбек Атамбаев бошлаган йўлни. Президентлик сайловлари бу ислоҳотлар давом эттирилишини кўрсатди. Ўзбек халқи сизнинг ғалабангиздан жуда хурсанд бўлди», деди Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбеков ўз халқи ишончи ва ҳурматини қозона олишига ишонч билдирди. «Сиз тажрибали раҳбарсиз, катта вилоятни бошқаргансиз, мамлакат бош вазири бўлиб ишлагансиз. Мен ҳам шундай сиёсий йўлни босиб ўтганман ва бу йўл қанчалик машаққатли эканини биламан», дея қайд этди президент.

«Сиз муносиб сайланган президентсиз. Биз бундан жуда хурсандмиз, илк хорижий ташрифларингиздан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганингизни мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатнинг ифодаси деб биламан», деган Ўзбекистон раҳбари.

Президент Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида қўшнилар билан муносабатлар устивор эканини таъкидлади. «Бизнинг энг яқин қўшинимиз - Қирғизистон. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши керак эмас. Ишонаманки, биз туташ нуқталарни топамиз. Қандай масала бўлса, ечилиши лозим. Буни айниқса, чегара ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли истайди», дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Президент икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тарихдаги энг юқори даражага чиқаётганига эътибор қаратди.

«Йил якунигача ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 250 миллион долларга етади. Бу нафақат чегараларни, балки бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очганимиз учундир. Муносабатларни янги босқичга олиб ўтиш учун сиёсий ирода топилиши президентларга боғлиқ бўлади. Биз одамларимиз истагини қиляпмиз. Одамлар барчаси эртага эмас, бугун яхши бўлишини кўришни истайди», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида Сооранбай Жээнбеков Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонга таклиф этгани учун миннатдорлик билдирди ва Қирғизистон халқи номидан чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди. 

«Биз илк дақиқаларданоқ ўзбеклар меҳмондўстлигини ҳис қилдик. Биз бундай илиқ қабул учун миннатдорчилик билдирамиз. Бу менинг давлат раҳбари сифатидаги илк расмий ташрифим бўлди. Қирғизистон биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдоридир. Биз бундан жуда ҳам манфаатдормиз. 

Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараларини дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантирдингиз.

2017 йил — бизнинг муносабатларимизда, тарихий бурилишлар йили бўлди. Алмазбек Атамбаевнинг Ўзбекистонга, сизнинг Қирғизистонга давлат ташрифларингиз амалга оширилди. Бу эса икки давлат алоқаларини юқори даражага кўтарди. Стратегик ҳамкорлик даражасига», — деди Қирғизистон президенти.

Сооронбай Жээнбеков халқларимиз шундай келишувларга эришилишини кутганини ва ўзаро муносабатларимиз тарихига битиладиган бу эзгу ишга ҳисса қўшганидан мамнун эканини таъкидлади. 

«Бунинг учун бир йилда катта ишлар амалга оширилди, охирги чорак асрда бундай ишлар амалга оширилмаганди.

Мен давлатнинг янги президенти сифатида тасдиқлашни истардимки, барча келишувлар ўз кучида қолади. Мен халқларимиз фаровонлиги учун бу келишувлар амалга оширилишида ўзимнинг бор кучимни ишга солмоқчиман», — дея қайд этган Қирғизистон президенти.

Top