17:00 / 13.12.2017
23837

«Муҳокама ҳам қилинмайди». Кремль Қрим бўйича баёнот берди

Фото: РИА "Новости"

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Қрим мавзуси бундан буён ҳеч қандай муҳокама қилинмайди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

«Қримга келадиган бўлсак, бу ерда қўшимча қиладиган нарсанинг ўзи йўқ. Бу мавзу қандайдир муҳокама қилиниши ҳам шарт эмас», - дея айтиб ўтди Песков АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг баёнотига изоҳ бераркан.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Вашингтон «Қрим масаласига ҳали қайтиш» ниятида эканини маълум қилди. «Биз Қрим масаласига ҳали қайтамиз. Мен биламанки, Россия президенти Владимир Путин бу музокаралар столида муҳокама этилмаслигини аниқ тушунтира билди. Қайсидир паллада бўлади, бироқ ҳозирда биз Украина шарқида зўравонликни тўхтатишимиз лозим. Кўрамиз, биз бунга ечим топа оламизми», - дея айтиб ўтганди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина собиқ бош вазири Арсений Яценюк Қримнинг Россия томонидан босиб олиниши – собиқ президент Виктор Янукович ва Россия президенти Владимир Путиннинг фитнаси оқибати эканини айтди.

Top