19:30 / 13.12.2017
8919

Шавкат Мирзиёев: Вазирликларга ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказиш вазифасини қўйдик

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков ўзаро музокаралар якунида матбуот учун баёнот беришди. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар ўзаро англашув, очиқлик ва самимият руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар икки халқ манфаатларига хизмат қилишини таъкидлашди. 

«Сооронбой Жээнбековни Қирғизистон Республикаси Президентлигига сайлангани билан яна бир бор муборакбод этаман ва илк хорижий ташрифларидан бирини Ўзбекистон заминидан бошлаганини мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга садоқатнинг ифодаси деб биламан.

Бугунги мулоқотлар ўзаро ишонч, дўстлик ва конструктив руҳда ўтганини чуқур мамнуният билан қайд этаман.

Бу йил давлатларимиз учун савдо-иқтисодий муносабатларда чинакам муваффақиятли йил бўлди. Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2017 йил якунида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 250 миллион доллардан кам бўлмайди. Бу ҳамкорлигимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичидир.

Биз вазирлик ва идораларимиз олдига яқин вақт ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифасини қўйдик», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.

Маълумот учун, 2016 йилда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 167,5 миллион долларни ташкил этганди, 2017 йилнинг биринчи ярмидаёқ ушбу кўрсатгич 146,7  миллион долларга етди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 60 фоизлик ўсишни кўрсатади.

Top