18:57 / 13.12.2017
32299

Тошкентда Қуръон қироати бўйича мусобақа ўтказилди

2017 йил 13 декабрь куни Тошкент ислом университетида “Ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси томонидан ташкил этилган қорилар мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон азалдан барча соҳаларда пешқадам даҳоларни дунёга тақдим қилган. Асрлар давомида ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмларидан ташқари, бу юртдан Қуръон ҳофизлари, қироат илмини эгаллаган уламолар етишиб чиқишган.

Тошкент Ислом университети талабалари ҳам республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритишмоқда. Бу сафарги мусобақа иккита – ҳифз ва тиловат йўналиши бўйича бўлиб ўтди.

Унда жами 18 нафар талаба иштирок этди. Мусобақа Қуръон тиловати билан очиб берилди. Сўнгра давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 сентябрь – Қурбон ҳайити куни Ҳастимом даҳасига ташрифи ва унда Қуръон қироати мусобақаларини янгича тартибда ўтказиш бўйича билдирган фикри ёритилган видеоролик намойиш қилинди.

Фото: islamcenter.uz

Кейин Университет ректори Р.Абдуллаев табрик учун нутқ сўзлаб, иштирокчиларга омад тилади.

Ҳифз йўналиши бўйича Ғайбуллаев Саидаҳмад биринчи ўрин, Умаралиев Шерзод иккинчи ўринга муносиб бўлди.

Тиловат йўналишида ўғил болалардан Янгибоев Адҳам биринчи, Саминов Муҳаммадсодиқ иккинчи, Ўлжабоев Муҳаммадюнус учинчи ўринни эгаллади.

Тиловат йўналишида қиз болалардан Обиджонова Нилуфар биринчи,  Мирзакаримова Нодира иккинчи, Юсуфхожиева Соҳиба учинчи ўринга сазовор бўлишди.

Мусобақа асносида томошабинлар ҳам Қуръон илмлари бўйича викторина савол-жавобларида иштирок этишди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланишди.

Top