12:49 / 14.12.2017
8228

«Янги давр». Жанубий Корея Хитой билан яқинлашишга уринмоқда

Фото: ТАСС

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Иннинг умид қилишича, Хитойга амалга ошираётган ташрифидан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги босқич бошланади.

"Жанубий Корея фуқаролари ва бизнес етакчиларида шундай ишонч борки, турли позициялар сабаб икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган мураккаб вазият ўзгаради, икки томонлама муносабатларда янги давр бошланади", - дея маълум қилди президент Жанубий Корея ва Хитой тадбиркорлари билан Пекиндаги учрашуви чоғида.

Мун Чжэ Ин лавозимига киришганидан сўнг ХХРда биринчи ташриф билан бўлиб турибди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ХХР раиси Си Цзиньпин билан пайшанба куни бўлиб ўтадиган музокараларда КХДР ракета-ядро синовлари туфайли Корея ярим оролидаги кескинлашган вазиятни юмшатиш асосий мавзуга айланади. Мун Чжэ Ин инқирозга тинч ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатларда Хитойнинг қўллаб-қувватловидан умид қилмоқда.

Энг мураккаб масалага, кузатувчиларнинг фикрича, Жанубий Корея ҳудудида Американинг THAAD ракеталарга қарши мудофаа тизимининг жойлаштирилиши айланади, бу ҳолат Пекиннинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Жанубий Корея раҳбарияти Хитойни бу тизим унга ва бошқа давлатларга қарши қаратилмаганига ишонтирмоқчи. Бироқ, тизимнинг ўрнатилиши икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва бошқа ҳамкорликка таъсир кўрсатиб бўлди.

Top