00:27 / 14.12.2017
52058

Истанбул декларацияси Шарқий Қудсни Фаластин пойтахти деб эълон қилди

Фото: Anadolu

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) давлатлари пойтахти шарқий Қудс бўлган Фаластин давлатини тан олишини эълон қилишиб, жаҳон ҳамжамиятини Шарқий Қудсни Фаластин давлатининг оккупация қилинган пойтахти, деб тан олишга чақирди, деб ёзади Anadolu агентлиги.

Бу ҳақда ИҲТнинг Истанбулда бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммити якунларига кўра қабул қилинган Истанбул декларациясида ёзилган.

ИҲТ мамлакатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қудс бўйича чиқарган қарорини энг қатъий тарзда қоралайди, дейилади декларация матнида. Истанбул декларацияси қуйидаги моддаларни ўз ичига олади:

«1. ИҲТ мамлакатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қудс бўйича чиқарган қарорини энг қатъий тарзда қоралайди.

2. Қудснинг Исроил томонидан аннексия қилиниши ва бу аннексия доирасида босилган қадамлар тан олинмаганидек, бу қарор ҳам ИҲТ учун ҳам ҳуқуқий, ҳам тарихий, ҳам ахлоқий томондан ноқонунийлигича қолади. БМТ, Европа иттифоқи ва жаҳон ҳамжамиятини БМТнинг барча, жумладан, Қудс статуси ҳақидаги қарорларига риоя қилишга чақирамиз.

3. ИҲТ пойтахти Қудс бўлган 1967 йил чегараларидаги мустақил ва суверен Фаластин давлатини тан олиш мажбуриятидан қайтмайди ва буни минтақадаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий шарти, деб ҳисоблайди.

4. ИҲТ давлатлари Фаластин ва Қудс учун барча халқаро платформалар, жумладан, БМТда кураш олиб боришда ҳамкорлик қилади ва ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

5. ИҲТ давлатлари Фаластин давлати ва унинг тузилмаларини ҳартомонлама мустаҳкамлаш учун ўз кучларини жамлайди.

6. Барча давлатларни 1988 йилда эълон қилинган, фаластин халқи иродасини акс эттирувчи Фаластин давлатини тан олишга чорлаймиз, бу бўлаётган воқеалар фонида минтақада барқарорликка эришиш учун заруриятга айланди. Пойтахти Шарқий Қудс бўлган Фаластин давлатини тан оламиз ва жаҳон ҳамжамиятини Шарқий Қудсни Фаластин давлатининг оккупация қилинган пойтахти, дея тан олишга чақирамиз.

7. Яратилган шарт-шароитларда фаластинликлар ўртасида сулҳ яқин орада ўзаро ҳурмат, ишонч ва ўзини фидо қилиш асосида тузилиши керак. ИҲТ давлатлари бу жараёнга кўмак беришда давом этишади.

8. Трамп маъмуриятини халқаро ҳуқуққа тўғри келмайдиган, минтақада тартибсизлик келтириб чиқарувчи қарорни қайта кўриб чиқишга, хато қадамдан воз кечишга чақирамиз.

9. Ислом ҳамкорлиги ташкилоти фаластинлик барча биродарларни, жумладан, Фаластин давлати раҳбари Маҳсуд Аббосни пойтахти шарқий Қудсда бўлган суверен ва мустақил Фаластин давлати учун курашда қўллаб-қувватлайди».

ИҲТ — мусулмонлар учун Қудснинг аҳамияти инъикосидир

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) — БМТдан сўнг энг йирик халқаро ташкилот бўлиб, унга тўрт қитъадан 57 давлат аъзо бўлган.

ИҲТнинг тузилишига ислом оламини ларзага солган бир неча воқеа, жумладан, 1969 йилда Қудсдаги Ал-Ақсо масжидига ўт қўйилиши сабаб бўлган.

ИҲТ тузилиши ҳақидаги қарор бош ислом давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари томонидан Марокаш пойтахти Работда қабул қилинган.

Ташкилотнинг тузилиши Қудснинг мусулмонлар учун нечоғлик аҳамиятли эканлигини акс эттиради. 1969 йилнинг 21 августида австралиялик Денис Майкон Роҳан Масиҳнинг келиш санасини яқинлаштириш мақсадида Ал-Ақсо масжидига ўт қўяди.

Роҳан «Худо черкови» сектасининг аъзоси эди, кейинчалик аниқланишича, у руҳий касал бўлган.

Манба: Anadolu
KUN.UZ таржимаси
Мавзу
Қуддус Исроил пойтахти деб тан олиниши

6 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддуснинг Исроил пойтахти деб тан олди. У АҚШ Давлат департаментига Тель-Авивдаги элчихонани Қуддусга кўчиришга тайёргарлик кўришни бошлаш вазифасини топширди.

Барчаси
Top