18:10 / 14.12.2017
26027

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 700 киши имзолаган мурожаатни аноним деб топди

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова томонидан имзоланган хатга кўра, Президент виртуал қабулхонасига 700 дан ортиқ ўзбек зиёлилари имзо қуйган мурожаатни «аноним» деб топиб, уни кўрмасдан қолдиришини маълум қилган.

Президентга мурожаатда юзлаб ижодкорлар, ёзувчилар, шоирлар ва журналистлар тиббий ёрдамга муҳтож икки нафар бемор шоира — Бахтинисо Маҳмудова ҳамда Ирода Умаровага ёрдам кўрсатишни сўрашган ва «Фейсбук» ижтимоий тармоғида имзо тўпланган.

«Азиз дўстлар! Хабарингиз бор, шоира сингилларимиз Бахтинисо Маҳмудова ҳамда Ирода Умарованинг соғлиги борасида муҳтарам Президентимизга мурожаат қилган эдик», — деб ёзади ижодкор Алишер Назар «Фейсбук»даги ўз саҳифасида.

«Мурожаатнома» 700га яқин имзо билан Порталга жўнатилди ва бунга тегишли муносабат ҳам билдирилди. Яъни, ҳар иккала бемор ижодкорнинг ўзи ҳақида маълумот, шу пайтгача эришган ютуқлари ва нашр этилган китоблари айтилган манзилга етказилди.

Бироқ орадан 2-3 ҳафта ўтиб, Порталдан ушбу жавобни олдик ва ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик.

Ахир етти юзга яқин имзо билан борган хат аноним бўладими? Ҳеч бўлмаса, имзо чеккан исм-шарифларга қаралмайдими? Юзлаб ижодкорлар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар... шунча одам тўпланиб аноним хат ёзадими?

«Мурожаатнома»нинг матнида бу қизларнинг қаерда, қачон туғилгани, эришган ютуқлари ҳақида ёзиб қўйилган, боғланиш учун телефон ҳам берилган-ку?! Наҳотки, бирров ўқиб чиқиш шунча қийин бўлса?! Хуллас, тушунмадик!» — дейилади хабарда.

Top