17:00 / 14.12.2017
17427

Туркманистонда валюта етишмовчилиги чуқурлашмоқда, - Reuters 

Фото: Flickr

Газ экспортчиси бўлган Туркманистон валютани тартибга солиш чораларини янада кучайтирди, деб хабар бермоқда Reuters давлат банклари ходимларига таянган ҳолда. Бу мамлакатда валюта етишмовчилиги муаммоси янада чуқурлашиши мумкинлигидан дарак беради.

Мамлакат аҳолиси газ экспорти ҳажми қисқартирилганидан сўнг, расмий алмаштириш курси бўйича бир доллар учун 3,5 манат даражасида нақд хорижий валютани сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлди.

Қора бозорда доллар 9,3-9,5 манатлик даражада сотилмоқда, ноябрь бошида эса бу кўрсаткич 8,2-8,5 манатга тенг эди.

Баъзи фуқаролар чекловларни банк карталари ёрдамида четлаб ўтишни бошлашди, улар картадаги миллий валютада бўлган пулларни Visa карталарига ўтказишмоқда – бундай транзакция расмий курс бўйича амалга оширилади – ҳамда уларни хорижда нақдлаштириб олишмоқда.

Бироқ Туркманистоннинг икки давлат банкидаги кассирларнинг Reuters’га жорий ҳафтада хабар беришларича, бу ўтказмалар бўйича ойлик лимит икки баробарга камайтирилди, 500 долларгача.

Ноябрь ойида Туркманистон банклари MasterCard ҳамда Visa карталаридан нақд пулларни ечиб олиш бўйича суткалик лимитни 50 долларгача пасайтиришди, максимал тўловлар ҳажми эса – 200 долларгача.

Банкларнинг баъзи мижозлари аввалига янги чекловларни Visa Inc тўлов карталари оператори жорий этган деб ўйлашди, бироқ компания матбуот хизмати туркманистонлик кредиторлар билан иш шартларини ўзгартирмаганини маълум қилди ҳамда мамлакатдаги транзакциялар ҳажмини очиқлашдан бош тортди.

Top