18:27 / 15.12.2017
11048

Болаларнинг руҳиятига зарар етказувчи ахборотлар тақиқланиши кутилмоқда

Фото: Getty Images

Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона марказида «Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш чоралари» мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди. «Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қиламиз» мавзусидаги маърузасида У.Тешабоева фарзандлар тарбиясида уларнинг маънавий дунёсини турли хуружлардан, оқимлардан, маънавиятимиз ва қадриятларимизга ёт ғоялардан ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Қонунда болаларни бузғунчи, руҳиятига зарар етказувчи таъсирдан асраш, саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлаш масалалари ифодаланаётганлиги аҳамиятлидир. Болалар соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш уларнинг ахборот олиш кафолатлари таъминланишига монелик қилмайди, аксинча, ушбу йўналишда ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратишни назарда тутади»​, - деди У.Тешабаева.

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги 2017 йил 8 сентябрь 444-сонли Қонунини амалга ошириш бўйича чора-тадбир режаси ижросига оид Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Назорат режасининг 6-банди бўйича ташкил этилган мазкур семинарда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказлари мутахассислари иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бош мутахассиси А.Қиличбоев, «Билим» ахборот-кутубхона маркази директор ўринбосари С.Комилова болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилишнинг асосий тамойиллари, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот турлари ва уларнинг олдини олишда ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Шунингдек, семинарда А.Қиличбоев «Болаларнинг соғлигига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси» ва С.Комилова «Глобаллашув даврида Интернет ва унинг ёш авлод маънавий тарбиясига таъсири» мавзусида маърузалари билан иштирок этдилар.

Top