01:13 / 15.12.2017
6552

Европа Иттифоқи ривожланишининг устувор вазифалари белгилаб олинди

Фото: РИА "Новости"

Европа давлатлари етакчилари 14 декабрда 2019 йил ўртасигача – Европарламентга янги сайловлар ўтиши керак бўлган санагача 2018-2019 йилларда Европа Иттифоқини ривожлантиришнинг устувор вазифалари ҳақидаги қўшма декларацияни имзолашди. Бу ҳақда Еврокомиссия сайтида маълум қилинган. 

Декларацияда ривожланишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган: фуқароларнинг хавфсизлигини яхшироқ таъминлаш, миграция сиёсатини жавобгарлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, ишcизлик даражасини пасайтириш, иқтисодиёт ва инвестициялашнинг ўсиши, Европа Иттифоқининг ижтимоий сиёсати, ягона рақамли бозорни жорий қилиш, энергетик иттифоқни шакллантириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича узоқни кўзловчи сиёсат, Европа Иттифоқи ҳудудида қонуний демократияни ривожлантириш. Шунингдек, Европа қадриятлари сақланиб қолиши, молиявий фирибгарликлар ва кибертаҳдидларга қарши курашиш ҳам муҳимлиги таъкидлаб ўтилган.     

“Қўшма декларация бу бизнинг қуруқ ваъдалар бермаслигимизга ваъдамиздир. Бу бизнинг Европа олдида турган муаммоларнинг аниқ ечимларини излаш бўйича яқин 18 ойда жадал ишлашга содиқлигимиз белгисидир”, деб айтган Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер.

Top