09:10 / 15.12.2017
26796

Путин ва Трамп телефон орқали мулоқот ўтказди. Нималар муҳокама қилинди? 

АҚШ ва Россия президенти Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп телефон орқали ўтказилган ўзаро мулоқот давомида “Шимолий Кореядаги хавфли вазиятни” муҳокама қилишди, дейилади Трамп матбуот котиби Сара Сандерснинг баёнотида.

"Президентлар шунингдек Шимолий Кореядаги жуда хавфли вазиятни ҳал этиш бўйича қўшма ишларни муҳокама қилишди", - дея маълум қилган Сандерс, бироқ у тафсилотларни очиқламади.

Қайд этилишича, Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путинга АҚШнинг иқтисодий муваффақиятларини тан олгани учун миннатдорлик билдирган. 

Путин пайшанба куни ҳар йилги матбуот анжумани вақтида Трамп даврида “баъзи анча жиддий ютуқлар объектив кўрилаётгани, бу ҳаттоки у ишлаётган ўта қисқа вақт ичида ҳам рўй берди”, дея маълум қилди. Бу, Россия президентининг сўзларига кўра, сармоядорларнинг Америка иқтисодиётига ишончидан далолат беради.

"Президент Трамп президент Путинга ҳар йилги матбуот анжумани вақтида Америка иқтисодий кўрсаткичларини тан олгани учун миннатдорчилик изҳор этди", - дея хабар берди Сандерс. У Путиннинг айнан қайси сўзлари назарда тутилаётганига ойдинлик киритмаган.

Икки давлат етакчиси ўзаро телефон мулоқоти давомида икки томонлама муносабатлар ҳамда инқирозли нуқталардаги вазиятни муҳокама этишган.

Сандерснинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари “Шимолий Кореядаги жуда хавфли вазиятга ечим топиш бўйича ўзаро ишларни муҳокама этишди”.

Кремль матбуот хизматининг қайд этишича, мулоқот Америка томони ташаббуси билан ўтказилган. Алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

"Икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, шунингдек Корея ярим ороли ядро муаммосига ечим топиш бўйича инқирозли нуқталардаги вазият ҳам тилга олинди", - дейилади хабарда.

Top