20:08 / 17.12.2017
32706

Андижон вилоят ЙҲХБда ишларни тезда амалга оширишнинг имкони йўқ. Қизиқ, нега?

Фото: KUN.UZ

Ҳозир кўчада нима кўп? Адашмадингиз, автоулов кўп!

Тараққиёт одимлаб эмас, югуриб кетмоқда. Буёғига “темир дўст”ларимизнинг сони йилдан йилга ошса ошадики, асло камаймайди. Машина олиб, миниш яхши, лекин унинг ўзига яраша ғалваси ва муаммолари бор. Оласану, миниб кета олмайсан. Тегишли ҳужжатлар ва рақамларни расмийлаштириб ол-да, узоғингни яқин қил. Оддий кишилар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимини айтишга қийналади, шунинг учун халқ тили билан айтганда “ГАИ”га бориб, ҳужжатларни тўғрилаши керак. Лекин мана шу зарур ҳужжатларни йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига бориб, тезда ҳал қила олсанг, қани эди?..

KUN.UZ таҳририяти электрон почта манзилига Андижон йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳузуридаги рўйхатга олиш бўлимидаги ҳолат бўйича мурожаат келди. Бу мурожаатни ўринли арз, десак янада тўғри бўлар...

Мазкур бўлимга автомобиль эгалари техника воситасини бошқариш учун ишончномалар, автоуловларга давлат рақамини олиш, сиқилган газ баллонларини расмийлаштириш каби қатор ҳужжатларни олиш мақсадида боришади.

Мурожаат қилган фуқаронинг билдиришича, бу ерда юқоридаги ишларни тезда амалга оширишнинг имкони йўқ экан. Одам кўп, тўлов қилиш учун бир донагина дарча ишлаб турибди экан, холос. Навбат кутиб, соатлаб вақт сарфлаётганларнинг сони жуда кўп. Қачон борсанг, ўттизга яқин киши навбатда турган бўлади, қишнинг совуқ мавсумида иш битиргани келганларга умуман шароит йўқ. Ягона бўлган кассага навбат туриб, одамлар бир-бирини кайфиятини бузяпти, - дейди мурожаат эгаси.

Инсон учун энг қимматли нарса – вақт. Ходимлар ва тўлов кассаси сонини ошириш, шаҳарга яқин туманлардаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларида ҳам ана шундай хизматлар ташкил этилса, кўплаб кишиларнинг вақти тежалган бўлар эди.

Фото: KUN.UZ

Ўйлаймизки, мутассадилар ушбу ҳолатни тез кунда бартараф этишади.

Top