07:50 / 17.12.2017
22017

Ҳиндистонда йўлбарс тўйда саросима келтириб чиқарди (видео)

Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида ёввойи йўлбарс тўй ўтаётган жойга келиб, у ердаги одамлар орасида саросима келтириб чиқарди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар бермоқда.

Йиртқич чангалзор орасидан чиқиб келиб, одамлар орасида ваҳима уйғотганча, улар орасидан салмоқланиб ўтиб кетган. Таъкидланишича, йўлбарс ҳеч кимга жароҳат етказмаган. “Тўй авжида бўлганда, бирдан йўлбарс пайдо бўлган. Меҳмонлар қичқириб, турли томонга қоча бошлаганлар. Саросима йўлбарс ўрмонга қайтмагунча давом этган”, деб айтди маҳаллий табиатни қўриқлаш ташкилоти ходими.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу воқеадан кейин йўлбарс Махараштра штатида пайдо бўлиб, бу ерда бир аёлга ҳужум қилган. Аёл жароҳатлар билан Тамзар шаҳридаги шифохонага етказилган.

Зоологлар йўлбарснинг ўзини ноодатий тутишини қайд қилишган: у аҳоли пунктлари яқинида кезиб, одамлардан қўрқмайди ва гавжум йўллар бўйлаб ҳаракатланади. Бхандара округининг ўрмонларни қўриқлаш ташкилоти ходими Вивек Хошингнинг айтишича, йўлбарс ортидан кузатув олиб бориш учун 7 кишидан иборат махсус гуруҳ тузилди.

Top