16:21 / 17.12.2017
33525

Президентнинг Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнг Тўрткўл туман ҳокими ўзгарди

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туман депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман раҳбари Ғофуржон Хаджиев эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Туман ҳокими лавозимига янги тайинланган Неъматулла Худайберганов Kun.uz мухбири билан телефон суҳбатида бу ҳақдаги хабарни тасдиқлади.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, айни давргача Сирдарё вилояти Сув ва қишлоқ хўжалиги бошқармаси биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келаётган Неъматулла Худайберганов эндиликда Тўрткўл тумани ҳокими этиб тайинланган. 1998-2017 йилларда Худайберганов Тўрткўл туманига қўшни ҳудуд, Элликқалъа туманида ҳоким лавозимида узоқ йил фаолият олиб борганди.

Тўрткўл тумани собиқ ҳокими Ғофуржон Хаджиевнинг бошқа лавозимга ўтказилгани ёки нима сабабдан ишдан бўшатилгани ҳозирча ошкор этилмаган.

Top