07:12 / 19.12.2017
5632

258 миллиондан кўпроқ. Дунёдаги жами муҳожирлар сони маълум қилинди

Фото: ЕРА

Дунёда 258 млндан кўпроқ киши муҳожир ҳисобланади, бу эса сайёрамиз жами аҳолисининг 3,4 фоизини ташкил қилади ва бу кўрсаткич ортмоқда. Бу ҳақда БМТнинг иқтисодий ва ижтиоий масалалар департаменти ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, муҳожирлар сони 2000 йилга нисбатан 49 фоизга кўпайган. 26 млн муҳожир ёки жами муҳожирларнинг 10 фоизи қочқин ҳисобланади.

Энг кўп муҳожирлар – 49,8 млн киши АҚШда яшайди. Саудия Арабистони, Германия ва Россиянинг ҳар бирида тахминан 12 млн муҳожир яшайди. Буюк Британияда муҳожирлар сони 9 млн ни ташкил қилади.

2017 йил маълумотларига кўра, жами муҳожирларнинг 48,4 фоизини аёллар ташкил қилади. Аёл муҳожирларнинг сони Африка ва Осиёдан ташқари, барча ҳудудларда эркак муҳожирларникидан кўпроқни ташкил қилади.    

Жами муҳожирларнинг 74 фоизи 20 ёшдан 64 ёшгача бўлган меҳнатга лаёқатли кишилар ҳисобланади. Умуман олганда, жаҳонда меҳнатга лаёқатлилар жами аҳолининг 57 фоизини ташкил қилади.    

Энг кўп муҳожирлар ҳиндистонликлар бўлиб, улар 17 млн кишини ташкил қилади. 2-ўринни 13 млн муҳожир билан мексикаликлар эгалламоқда. Россия, Хитой, Бангладеш, Сурия, Покистон ва Украинадан бўлган муҳожирлар сони шу давлатларнинг ҳар бири учун 6-11 млн кишини ташкил қилади.

Top