19:15 / 20.12.2017
11142

Ўзбекистонда жиноятчилик кўрсаткичлари пасайди

2017 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жиноятлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,6 фоизга, жиноят қидируви йўналишида эса 8,7 фоизга камайди. Содир этилган жиноятларнинг 40 фоиздан зиёди ўғирлик ва фирибгарлик улушига тўғри келади. KUN.UZ мухбири 20 декабрь куни ИИВ томонидан ўтказилган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: йил сарҳисоби" мавзусидаги матбуот анжуманида берилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Тадбирда маълум қилинишича, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари аҳоли орасида кенг муҳокама қилиниши ва фуқаролар билан боғлиқ сайёр судларда кўриб чиқилиб, жойида ижобий ҳал этилиши натижасида жиноятчиликнинг 77 036 тадан 65 758 тага, жиноят қидируви йўналишида эса 46 379 тадан 40 657 тага  камайишига эришилган.

Шахсга қарши жиноятлар таҳлил қилинганда республикада қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари 7 фоизга (1341 тадан 1247 тага), ўртача оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари 19,4 фоизга (1438 тадан 1158 тага), енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари эса 31,3 фоизга (3525 тадан 2420 тага) камайди. Ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 11 фоизга, аёллар томонидан содир этилган жиноятлар эса 13 фоизга қисқарди. Бундан ташқари, илгари судланган фуқаролар содир этган жиноят кўрсаткичлари 10 фоизга қисқаришига эришилди.

Йил давомида 6 миллиондан ортиқ (6 497 548) хонадонга борилиб, уларда мавжуд муаммолар ўрганилиб, жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда бартараф этиш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, 89 243 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриши таъминланди. Тадбирда, айниқса, оилаларда келиб чиқаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Оилавий муносабатлар доирасида содир этилган 12 944 та ҳуқуқбузарлик кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда муҳокама қилиниб, бунинг натижасида 13 945 нафар ҳуқуқбузар тузалиш йўлига қайтарилди.

Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 34 415 марта муҳокама ўтказилиб, натижада 25 792 та оиладаги нотинчликка барҳам берилди, 13 276 та оила эса ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди.

Оила-турмуш доирасида ишсизлик оқибатида аниқланган 6 429 та ҳуқуқбузарликка чек қўйиш мақсадида 4 374 нафар киши иш билан таъминланди.

Top