19:50 / 22.12.2017
13359

Бухоро ИИБда туризм йўналишида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди 

Фото: KUN.UZ

Бухорои Шариф — сайёҳлик шаҳри. Бу кўҳна шаҳарнинг бетакрор тарихий обидаларини кўриш, азиз авлиёлар, буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун саёҳатчиларнинг қадами узилмайди. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқ-тартибот, айниқса, ички ишлар идоралари ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки ташриф буюраётган турли делегация аъзолари ва чет эллик меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш, уларга нисбатан турли хил кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бири ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда ИИВнинг буйруғи талабларини бажариш юзасидан Бухоро вилоят ҳудудида Хавфсиз туризмни таъминлаш мақсадида ИИБ таркибига кирувчи 43 та штатдан иборат туризм йўналишида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ташкил этилди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят ИИБ матбуот хизмати. 

Соҳа мутахассисларининг фикрича, ушбу тизимнинг жорий этилиши келгусида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг вилоятда сайёҳат қилишлари чоғида қўшимча шарт-шароитларнинг яратилишига имкон яратади. Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда чет эл фуқаролари учун хавфсиз муҳитни яратиш вазифалари ҳам аниқ қилиб белгиланган. Бугунги кунда ана шу қарор ижросини таъминлашга қаратилган концепция устида ҳам соҳа мутахассислари иш олиб бормоқда. 

Таъкидлаш жоизки, вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғига биноан, ўтказилган танловда, биринчи навбатда, хорижий тилларни биладиган, юқори малакали мутахассислар, бундан ташқари, касбий тайёргарликка, юксак аҳлоқий ва маънавий сифатларга, хизмат вазифаларини бажариш бўйича зарурий тажрибага эга бўлган ходимлар танлаб олинди. 

— Шу боисдан ҳам, хорижликлар учун бугунги замон талабларига жавоб берадиган барча қулайликларни жорий этиш ҳамда келажакда уларнинг ташрифини янада ошириш мақсадида халқаро миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим бўлади, — дейди биз билан мулоқотда бўлган бошқарма раҳбари Эркин Сафаров.

Маълумотларга кўра, биргина Бухоро шаҳрида 2018 йилнинг охирига қадар, 10 та замонавий меҳмонхонани барпо этиш, улардаги ўринлар сонини 1210 тага етказиш чоралари кўрилмоқда. 

Ҳозирда «Қалқон» ягона видеокузатув маркази Бухоро шаҳри ҳудуди бўйлаб ўрнатилган 60 та камера орқали кузатиб келаётган бўлса, келгусида Бухорога ташриф буюрган хорижий сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда «Хавфсиз туризм» дастурий комплекс тизимини жорий қилиш мақсадида ана шундай камералар сонини яна 425 тага кўпайтириш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. 

Жойларда 275 та видеокузатув мосламаси, 68 та шахс ва автотранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини яққол кўрсатувчи видеокамера, 4 та ҳароратни аниқловчи (тепловизор), 55 та алоқа ташвиш тугмаси, шунингдек, 27 та чорраҳада 85 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини ва автомобиль йўлларининг, 6 та жойларида тезликни аниқлайдиган видеокамералар ўрнатилиши белгиланди. Бу эса, ўз ўрнида, сайёҳлар гавжум бўладиган жойларда назоратни кучайтириш имконини беради ва уларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Бу эса, содир этилиши мумкин бўлган турли ҳуқуқбузарликлар, жиноятларнинг барвақт олдини олишда катта аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтадиган бўлсак, чет эллик меҳмонларнинг саёҳатдан мамнун ҳолда, яхши таассуротлар билан қайтишига нима етсин? Кўриб турганингиздек, Бухорода мавжуд бўлган барча ёдгорликлар ва уларни кўриш учун келаётган сайёҳлар алоҳида назоратга олинган.

Top