18:00 / 22.12.2017
4304

Facebook ва Universal Music Group ўртасида лицензион шартнома имзоланди

Фото: Theverge.com

Facebook ижтимоий тармоғи Американинг Universal Music Group (UMG) овоз ёзиш компанияси билан лицензион шартномани имзолади. У ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига ҳуқуқий жиҳатдан UMG'га тегишли мусиқий композициялар қўшилган видеоёзувларни тўсиқсиз жойлаш имконини беради. The Verge шу ҳақида хабар берди. 

Бугунги кунда Facebook фойдаланувчилари UMG'га тегишли  қўшиқлар янгровчи видеоларни жойлаган тақдирда, муаллифлик ҳуқуқи бузилиши муносабати билан ижтимоий тармоқ бундай роликларни ўчиради. Тез орада эса фойдаланувчилар ҳам Facebook ижтимоий тармоғининг ўзида, ҳам унга тегишли бўлган сервислар, масалан, Instagram'да бундай видеоларни жойлаши ва улар билан бўлишиши мумкин бўлади. Шартнома қачон кучга кириши борасида аниқлик киритилмаган.

UMG ҳуқуқий жиҳатдан Рианна, Жей-Зи, Брюс Спрингстин ва Жастин Бибер каби қўшиқчиларнинг композицияларига эгалик қилади. Интернет-ресурс маълумотларига кўра, Facebook, шунингдек, Warner Music Group ва Sony Music Group билан ҳам худди шундай лицензион шартномаларни тузиш тўғрисидаги музокараларни олиб бормоқда. 

Top