15:15 / 22.12.2017
22777

“Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйида янги китоблар нашрдан чиқди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг қарор ва топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан китобхонлик маданиятини ошириш, шунингдек, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг китоб маҳсулотига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Kun.uz сайти Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда юқоридаги вазифалар бажарилишига ҳисса қўшиш мақсадида янги лойиҳани йўлга қўйди. Бугун сайтимизда “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган янги китобларни таништиришдан бошлаймиз.

1. Азиз Тўраев. Биз билган ва билмаган ҳазрати инсон.

Ўзбек халқи миллатнинг фахри, юртининг жасур ва фидойи ўғлони Шароф Рашидовнинг номи, шаънини ҳамиша қалбида ардоқлаб келади. Тўғри, ҳар бир даврга раҳбар бўлган инсонларнинг фаолиятига ўша замон сиёсати ва руҳидан келиб чиқиб баҳо берилади. Шароф ака совет даврининг раҳбари эди. Москванинг кўрсатмаларини бажаришга мажбур эди. Лекин у миллат бахт-у саодати учун мардона курашар, ўзбекона қадриятлар-у фазилатларни ўзининг бунёдкорлик ишлари орқали намоён этар, ўлмас асарлари орқали кўрсатар эди. Ушбу китобда Ўзбекистон учун ўта мураккаб бўлган шароитда мамлакатни қарийб чорак аср бошқарган инсоннинг фаолиятига айрим чизгилар қандай бўлса, шундайлигича ёритишга ҳаракат қилинган. Унга холис баҳо бериш эса, бағрикенг, донишманд халқимизнинг, зукко китобхоннинг ҳукмига ҳавола...     

2.Тўлқин Ҳайит. Буюк салоҳият соҳиби.

Ушбу китобчада  улуғ бобомиз Амир Темур ҳаётининг айрим қирралари сизлар учун содда тилда ҳикоя қилинган. Уларни ўқиб, ўзингизга керакли хулосалар чиқариб, энг муҳими, одамийлик биринчи ўринда эканлигини  англаб оласиз, деган умиддамиз.

3. Махтумқули. Сайланма.

Ушбу китоб туркман халқининг улуғ шоири, туркман адабий тили асосчиси  Махтумқули-Фироғий асарларидан танлаб табдил этилган. Бу халқчил асарлар туркманчадан ўзбекчага ўгирилиш жараёнида иложи борича аслиятга яқин руҳда таржима қилинган.

4. Ўткир Ҳошимов. Севги қиссалари.

Элимизнинг атоқли ва ардоқли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳам муҳаббат ҳақида талай ҳикоя, қисса, романлар ёзган ва улар китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан мутолаа қилиб келинмоқда. Бу асарларда севгининг сеҳр ва қувончлари, изтироб ва армонлари ғоят ҳаётий, таъсирчан акс этган. Ушбу китобга адибимизнинг энг ҳаяжонли асарлари жамланган.

5.  Ўткир Ҳошимов. Ҳикоялар

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг асарларида Инсон қисмати бор, Инсон дарди, қувонч ва изтироблари бор. Ўзбек ҳикоячилиги ривожига салмоқли ҳисса қўшган адибнинг мазкур китобга жамланган турли йилларда ёзилган энг сара ҳикоялари ҳам китобхонларни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз.

6. Ў. Ҳошимов. Дунёнинг ишлари.

Бу қисса катта-кичик новеллалардан иборат. Бироқ уларнинг барчасида энг буюк инсон — она сиймоси бор. Дунёдаги ҳамма оналар фарзандига муносабат бобида бир-бирига жуда ўхшайди. Шундай экан, бу асар азиз Онажонларга бағишланади!

7. Ў. Ҳошимов. Ҳажвий ҳикоялар.

Қатор асарлари билан ўқувчилар меҳрига сазовор бўлган иқтидорли адиб Ўткир Ҳошимовнинг қўлингиздаги китобига ёзувчининг энг сара ҳажвий асарлари жамланган бўлиб, уларни ўқиганда беихтиёр қаҳ-қаҳ отиб куласиз, кайфиятингиз кўтарилади. Кескин юмор остига олинган воқеалар ғоят ҳаётий, таъсирчан акс этган. Мазкур ҳажвиялар китобхонлар томонидан катта қизиқиш билан ўқилиши шубҳасиз.

8. Тушда кечган умрлар. Ўткир Ҳошимов

Ушбу асарда афғон уруши воқеалари, уруш қатнашчиларининг урушдан кейинги руҳий кечинмалари асар қаҳрамони Рустам образи орқали ёрқин тасвирлаб берилган.

9.  Чингиз Айтматов. Қиссалар.

ХХ — ХХI аср адабиётининг буюк сиймоси Чингиз Айтматовнинг "Оқ кема", "Биринчи муаллим" каби қиссалар жаҳоннинг жуда кўп тилларига таржима қилинди ва энг юксак мукофотларга сазовор бўлди. Муаллифнинг жаҳон адабиётининг олтин хазинасига қўшилган ушбу асарлари ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

10. Қайта туғилган бола. Абдусаид Кўчимов.

Иқтидорли адиб Абдусаид Кўчимовнинг қўлингиздаги китобига киритилган қисса ва ҳикояларнинг барчасида ана шу гўзал, серташвиш манзаралар – ўсмирлар руҳий оламида содир бўлгувчи ривожланиш жараёнлари бадиий талқин қилинади.

11. Муҳаммад Юсуф. Элимда алёрим қолур.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф адабиётга жиддий, ижтимоий шеърлар билан кириб келди. Улар ўзининг халқ дилига яқин, самимийлиги билан барчага бирдек манзур бўлди, суюкли бўлди. Балки шунинг учундир, ҳофизлар шоирнинг биринчи шеърлари матбуотда кўриниши билан куйга солиб юбордилар. Ушбу тўпламга шоирнинг куйга солинган шеърларини имкон қадар тўплаб, киритилган.

12. Даниэль Дефо. Робинзон Крузо.

Инглиз ёзувчиси Даниел Дефо кўп китоблар ёзган, аммо булардан ҳеч бири "Робинзон ...“ сингари муваффақият қозонмаган. Унинг бу китоби бутун дунёга машҳур бўлиб кетди. Биз Робинзоннинг одамзод меҳнатига бўлган ишончини, унинг тўсиқларни енгишга бўлган матонатини, унинг мардлиги ва кучли иродасини қадрлаймиз.

13.  Жонатан Свифт. Гулливернинг саёҳатлари.

Жонатан Свифтнинг кўпгина асарлари ирландияликлар тарафидан ҳурмат ва эҳтиром билан қабул қилинган. Айниқса, унинг "Гулливернинг саёҳатлари" номли машҳур фантастик асари кенг оммага тезда тарқалди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида севилиб ўқиладиган мазкур асар жуда кўп марта экранлаштирилган.

14.  Йоханн Вольфганг Гёте. Ёш Вертернинг изтироблари.

Гётенинг ушбу асарида ёш йигит Вертернинг жавобсиз севги туфайли чекан изтироблари акс эттирилган.

15. Р. Н. Гунтекин. Чолиқуши.

Забардаст турк адиби Рашод Нури Гунтекин қаламига мансуб умумтуркий ва жаҳон адабиётининг баркамол асарларидан бири бўлган "Чолиқуши“ романи (таниқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий таржимаси) мунис онахонларимиз, дилбар опа-сингилларимиз, умуман, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлади, деган умиддамиз.

16. Пауло Коэло. Алкимёгар.

«Алкимёгар» романи замиридаги ушбу ҳикмат ўтмишда ўтган ёхуд ривоят қаҳрамони бўлган кимнингдир ҳаётигагина тааллуқли эмас, бу сиз-у биз учун ҳам, биздан кейингилар учун ҳам ўтилажак Йўлдир. Балки бугун бу китобнинг дунёдаги 120 мамлакатда севиб ўқилаётгани ҳам, Пауло Коэлонинг дунёнинг энг машҳур ёзувчисига айлангани ҳам бежиз эмасдир.

17. Ш. Одилов. «Азбука для малышей».

Мазкур китобча жажжи болажонларни рус алифбосига ўргатиш учун мўлжалланган. Китобча жуда қизиқарли ёзилган бўлиб, унда ҳар бир ҳарфнинг босма ва ёзма шакллари берилган.

18. С. Хўжааҳмедов. «Қувноқ алифбо».

Алифбони оддий ва қуруқ ёдлатиш билан ўргатиш, бола учун зерикарли. Шунинг учун ҳар бир ҳарфга мос шеърлар, топишмоқлар ва расмлар берилиши китобчанинг янада қизиқарлироқ бўлишини таъминлаган.

19. Дунёдаги энг бахтли одам.

Ушбу тўпламдан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган жаҳон адабиётининг сара ҳикоялари ўрин олган. Болалар ўзгача оламда яшайдилар. Уларнинг қувонч ва андуҳлари, орзу ва армонлари акс этган ҳикоялар ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Катта ёшдаги китобхонлар ҳам тўпламдан ўзлари учун қадрли хотиралар топсалар ажаб эмас.

20. Эртаклар

Эзгуликни, инсон бахт-саодатини тараннум этиш, она- Ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик, яхшиликнинг ёмонлик, адолатнинг адолатсизлик устидан  ғалаба қилиши ғоялари илгари сурилиб, беғубор севги-муҳаббат, табиатга меҳр қўйиш хислатлари қизиқарли воқеаларда баён  қилинади.

Top