20:40 / 24.12.2017
75706

Деновдаги бозорча бузилиши: бошланиши қўрқинчли, якуни хайрли бўлиши кутилаётган можаро

Таҳририятимизга Сурхондарё вилояти, Денов тумани, «Водий» маҳалласидан мурожаат ёш тадбиркор мурожаат қилди. У маҳалланинг Денов туман марказий касалхонасидан йироқ бўлмаган жойида, М41 магистрал йўли ёқасида тадбиркорлик билан шуғулланар экан.

Ёш тадбиркор Муҳамадали Мамадисаев. Фото: KUN.UZ

Мурожаатнинг кейинги мазмуни қуйидагича:

«Ўзимнинг «Олтин водий» МЧЖ ташкилотим орқали автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш, умумий овқатланиш, нонвойхона ва шунга ўхшаш хизмат турлари билан шуғулланаман. Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги №467-сон қарорига мувофиқ 3 кун муддатда жойни бузасан, деб туман бош архитекторидан хат келиб қолди.

Lex.uz орқали қарор билан танишиб чиқсам, менинг фаолиятимга мутлақо тўғри келмас экан. Қарорга кўра, агар тадбиркор ўзбошимчалик билан қурган бино, иншоот бўлсагина бузилиши назарда тутилган. Аммо менда туман ҳокимининг қарори, кадастр ҳужжатларим, тўлаб келаётган солиқ ва бошқа тўловларим бор. 30 нафар ёшни иш билан таъминлаганман. Улар шу ерда меҳнат қилиб, оиласини боқишади.

Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига кўра, ҳоким қарори, кадастр ҳужжатлари каби ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган тақдирда, шунда ҳам 3 кунда эмас, 15 кунда бузилиши, агар судга берилса, суднинг якуний ҳал қилув қарори чиқмагунча бузилмай туриши белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, бизга на бир далолатнома, на қарор ё баённома кўрсатилди.

Буларга салласини ол деса калласини олиб келади деб туман архитектура бўлимига бордим. Олдинига хатни олиб борган масъул шахс менга дўқ-пўписа қила бошлади. Кейин «Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ўзи танишиб чиққанмисизлар?», деб қарорни олдига ташладим. Қарорни ўқиб ҳовуридан тушди. «Энди, ака, мен нима қилай, катталар шундай буйруқ берган-да», деб ўзини оқлади.

Масала юзасидан туман ҳокимининг олдига кирмоқчи бўлиб турган эдим, бахтимга бир хабарни эшитиб қолдим: Республика Ёшлар иттифоқининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев келиб, туманда ёшлар билан мулоқот қилар экан, деб. Туманимиздаги маданият ва аҳоли дам олиш марказига бориб, биринчи қатордан жой олдим ва сўзга чиқишга ёздириб қўйдим. Ундан олдин туман ҳокимини уялтириб қўймай деб ҳокимга «жойим масаласида гапирмоқчиман», дедим. Ҳоким рози бўлиб, «бу масалангни ўзим ҳал қиламан, бўлди, чиройли қилиб яна қўшимча бинолар қурасан, газини бос», деди.

Ёш тадбиркор Муҳамадали Мамадисаев. Фото: KUN.UZ

Суҳбат жараёнида Қаҳрамон Қуронбоев «менга сиз нима учун келгансиз нима саволингиз бор», деб мурожаат қилди. Шунда барча воқеаларни айтиб бериб, кредит сўрадим. Шунда Президент давлат маслаҳатчиси, Ёшлар иттифоқининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳокимга қарата «нима қиламиз», деди. Ҳоким «ҳеч қанақа муаммо йўқ, жойига ҳам тегмаймиз, кредит ҳам берамиз», деди. Эртаси куни ҳокимнинг қабулига бордим. Ҳоким «чиройли қилиб ўзинг бино қурасан, лекин кредит 20 фоиз», деб чиқариб юборди. Кейин яна бордим... Хуллас, иш жойидан силжимаяпти, менга тегишли биноларнинг бир қисми бузилганича турибди”, — деб ёзади ёш тадбиркор Муҳаммадали Мамадисаев.

* * *

Биз вазият билан яқиндан танишиш учун Денов тумани марказий шифохонаси жойлашган «Водий» маҳалласида бўлдик.

Водий маҳалласи. Фото: KUN.UZ

М.Мамадисаевнинг умумий овқатланиш корхонаси — ошхонасидаги бостирмалар бузиб олиб кетилган. 2017 йил 21 ноябрь куни туман бош архитектори томонидан 2017 йил 5 июлдаги №467-сон қарорига мувофиқ бинолар уч кун ичида бузилиши кераклиги ҳақида огоҳлантириш хати берилган. М41 йўли ёқасида жойлашган бинолардан иккитаси, шунингдек, шифохона ёнидаги бозорчага олиб кирувчи йўл ёқасидаги панжара тўсиқлари бузиб ташланган.

М.Мамадисаевнинг умумий овқатланиш корхонаси. Фото: KUN.UZ

М.Мамадисаевга тегишли корхона 41 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўз вақтида давлат корхонаси бўлган, кейин хусусийлаштирилган. “Бу ошхонани бошидан бош отам юритган. 10 йиллар бўлди, отам Ғанижон Мамажонов пенсияга чиққач, ундан менинг бошқарувимга ўтди”, — дейди Муҳаммадали.

«Отамнинг қанд касали бор. Дард устига чипқон деганларидек, бу ердаги буза-бузларни эшитиб аҳволи оғирлашиб қолди», — дейди тадбиркор.

М.Мамадисаев бизга ҳақиқатан ҳам корхонага тегишли ҳужжатлари борлигини кўрсатиб, жумладан, ҳоким қарори ва унга асосан ишланган кадастр ҳужжатларини намойиш этди ва Вазирлар Маҳкамасининг бу қарорида тилга олиб ўтилган, ўзбошимчалик билан қурилган корхоналар тоифасига кирмаслигини таъкидлади.

Ошхона ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи Денов туман ҳокимининг 2009 йил 23 мартдаги №185-сонли қарори билан ҳужжатлаштирилган. Қарор остига туман бош архитектори ҳам имзо қўйган. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги №395-сонли қарори 3-илова 47-бандига кўра эгалик ҳуқуқи вужудга келган.

Ушбу ҳужжатларга асосан кадастр ҳужжатлари йиғма жилди тўпланган.

«Агар катта йўл кенгайтириладиган бўлса, мен ўзимга тегишли ҳудуднинг бир қисмидан воз кечишга розиман. Лекин ошхонам ва бошқа корхонамда ишловчилар ишсиз қолиб кетмаслиги учун бизга туман ҳокимлиги ва архитектори ўзлари тасдиқлаб берган лойиҳа бўйича қуришга изн беришсин, иложи бўлса қурилиш ишларини сифатли қилиб якунлашимиз учун банкдан имтиёзли кредит олишда кўмак беришса дейман», дейди Муҳаммадали.

"Водий" маҳалласидаги ошхона ва дорихоналари бузиб ташланган тадбиркорлар. Фото: KUN.UZ

Биз ушбу масалада Денов туман ҳокимидан тушунтириш олишимизни ваъда қилиб, бозорча ҳудудига ўтдик. Тошкентдан журналистлар келганини эшитган ва турли дўконлари, ошхоналари ва дорихоналари бузиб ташланган бошқа тадбиркорлар ҳам атрофимизни ўраб олиб, ўзларига тегишли кўчмас мулк бузиб ташлангани, неча кундирки ишсиз ўтиришганини баён қилиб кетишди.

— Мен 4 нафар ўғлимни ёнимга олиб, умумий овқатланиш корхонасини юритар эдим, — дейди «Умедулло-Ҳамидулло» кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари Каромат Бобоназаров. — Жами 20 та одамни иш билан таъминлаган эдим. Хўп, ошхонани ичкарироққа олиб қурасан, дейишди. Чизиқни ҳам кўрсатишди. Архитектор ўлчаб, рухсат берди. Мен аввалгисини бузиб, янгисини қуришни бошладим. Ўн кунча аввал келиб қурилишни тўхтатиб кетишди. Ахир бир кун ҳам тадбиркор учун пул. Бу ерда одамлар ишсиз қоляпти. Иш йўқлигидан ўғилларим Россияга ҳам кетмоқчи бўлишди. Амаллаб ушлаб турибман».

"Водий" маҳалласидаги ошхона ва дорихоналари бузиб ташланган тадбиркорлар. Фото: KUN.UZ

«Бек Малҳам» корхонаси раҳбари Н.Бўриев, «Ясмин Умарова» корхонаси раҳбари З.Умарова, «Маҳбуба Нур» ХФ раҳбари Р.Жалилова ҳам шунга ўхшаш фикр билдиришди.

Энг қизиғи, иморатлари бузиб ташланган тадбиркорларнинг барчаси уларни гаровга қўйиб, турли банклардан кредит олишган.

«Бузганга яраша ҳамманикини бузса алам қилмасди. Ариқ устида жойлашган дўконлар ва дорихоналарнинг барчаси ишлаб турувди. Давлатга солиқ, патент, ишчиларига ойлик тўлаб турувди — булар бузилди-ю, лекин манави бузилмасдан турган икки қаватли дўкон ҳеч қачон ишламаган. Лекин эгаси зўрлик қилди шекилли, мана, тегинилмасдан турибди», деди норози фуқаролардан бири.

Биз фуқароларнинг эътирозлари ҳақида Денов туман ҳокими У.Қосимовдан сўрадик:

Денов туман ҳокими Улуғбек Қосимов. Фото: KUN.UZ

— Ҳудуд шаҳарсозлик, санитария қоидаларига кўра замонавий талабларга мувофиқ қайта лойиҳалаштирилади, ҳеч қандай тадбиркор ерсиз қолиб кетмайди. Барчага ер ажратилади. Ҳужжатсиз шу ерда фаолият кўрсатиб келган, иморати бузилганларга ҳам тадбиркорлик фаолияти кўрсатиш учун ер ажратиб берамиз. М41 йўлининг ёқасида умумий овқатланиш, автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш корхоналари қуришга рухсат бор. Ҳозир ҳудуднинг умумий лойиҳаси вилоят архитектура бошқармасидан тасдиқланиб келаяпти. 1–2 кунда бориб барчага қандай лойиҳа билан қурилиш кераклиги, талабларни тушунтирамиз. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари якунлангач, барчага эгалик ҳуқуқини чиқариб берамиз, ҳеч ким қолиб кетмайди, — деди туман ҳокими Улуғбек Қосимов.

Бу ердаги вазиятдан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ҳам хабари бор экан:

Сурхондарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. Фото: KUN.UZ

— Ҳеч қайси тадбиркор ерсиз қолиб кетмайди. Аввало, бунақа қурилиш объектларида ишлаш ҳозирги кун талабига жавоб бермайди. Пахсадан кўтарилган иморатлар бор эди ҳаттоки. Ҳеч ким тадбиркорларни у ердан қувиб солаётгани йўқ. Шу иншоотларни бугунги кун талабига мос равишда, замонавий қилиб қуриш вазифаси топширилган. Ер ҳудудини тўғри қилиб, дўкон ва ошхоналарни чиройли қилиб жойлаб, ерни ўзларига беринглар, банкдан кредит олиб беринглар, деган эдим.

Шуҳрат Шокиржонов,
Маъруфжон Асқаров.
KUN.UZ мухбирлари

Top