20:20 / 26.12.2017
15499

Ҳарри Кейн Мессини ортда қолдирди

Фото: Reuters

Лондоннинг «Тоттенҳэм» клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн Англия чемпионатининг 20-тури доирасида «Саутҳемптон»га қарши кечган учрашувда ҳет-трик қайд этди ва жорий йилда урилган голлари сонини 56тага етказиб, Европа чемпионатлари доирасидаги энг яхши тўпурар бўлди.

«Тоттенҳэм» - «Саутҳемптон» учрашуви Лондондаги «Уэмбли» ўйингоҳида бўлиб ўтди ва майдон эгаларининг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

У биринчи бўлим бошида гол уриб, Англия премьер-лигаси тарихида 1995 йили Алан Ширер томонидан ўрнатилган рекордни янгилади. Ширер «Блекберн» сафида бир календар йили давомида 36 гол урган ҳолда рекордчи бўлиб турганди.

24 ёшли англиялик ҳужумчи биринчи бўлим давомида яна бир гол урди ва Лионель Мессини ортда қолдирган ҳолда Европа чемпионатларидаги энг яхши тўпурарга айланди. Бу унинг жорий йилда урилган 55-голи эди (клуб ва терма жамоа сафидаги барча мусобақалар доирасида). Месси бу йилда бошқа ўйнамайди ва Кейнни ортда қолдира олмайди.

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси иккинчи бўлимда яна бир гол урди ва Англия премьер-лигасидаги яна бир рекорд ўрнатди. У чемпионат тарихида бир йилда саккиз марта ҳет-трик қайд этган илк футболчидир.

Top